06:53 25 Октябр 2020
Эфир
  • RUB133.19
  • EUR12153.63
  • USD10371.76
Жамият
Ҳавола олиш
60431

Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мақомида қўшилиши унинг сиёсий ва иқтисодий манфаатларига зарар етказмайди, унинг зиммасига ҳеч қандай мажбуриятлар юкламайди.

ТОШКЕНТ, 29 апр - Sputnik. Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатуви мақомида қўшилиши ҳеч қандай чекловларга олиб келмайди, деди юридик фанлар номзоди, Тошкент давлат юридик университети доценти Ихтиёр БЕКОВ. 

"Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг ЕОИИга "кузатувчи давлат" сифатида кириши ва унга тўлақонли аъзо бўлишнинг ўртасида ҳуқуқий жиҳатлардан фарқлар мавжуд. Яъни, "кузатувчи давлат"га нисбатан ташкилот ҳеч қандай шарт ёки кескин талабларни қўймайди. Шу сабабли, кузатувчи давлат мақомида бўлиш Ўзбекистонинг ташқи манфаатлари ва ички сиёсатига таъсир кўрсатмайди", - деди ҳуқуқшунос. 

Беков, шунингдек, Ўзбекистон ўз конституциясининг  17-моддасига кўра, давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкинлигини ҳам эслатиб ўтди.

Ҳуқуқшунос фикрига кўра, ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистон маҳсулотларининг ЕОИИга аъзо мамлакатлари бозорларига чиқишида мавжуд сунъий тўсиқлар ва экспорт қилиш билан боғлиқ бўлган харажатлар камаяди, юкларни етказиб бериш логистикаси яхшиланади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш муддатлари қисқаради.

Яна бир муҳим жиҳат. ЕОИИга кузатувчи мақомда бўлишнинг муддатлари ва шартлари аниқ белгиланмаган. Бу дегани, кузатувчи мақомдаги давлат ҳеч нарса ютқазмаганлиги ортидан ушбу ташкилот аъзолари билан мулоқотни узмасдан, самарали ҳамкорликни давом эттириши мумкин. Шу сабабли, Ўзбекистониннг ЕОИИ билан ҳамкорлиги юзасидан Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган тегишли қарор ҳар жиҳатдан давлат ва халқ манфаатларига бирдек хизмат қилиши, шубҳасиз, - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кеча 28 апрел куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистоннинг ЕОИИ га кузатувчи давлат сифатида кириши тўғрисидаги қарор қабул қилинди.Ушбу қарор бўйича йиғилишда иштирок этган жами 132 нафар депутатдан 86 нафари тарафдор (ёқлаб), 32 нафари — қарши, 14 нафари эса бетараф овоз берган эди.

 

Асосий мавзулар