04:51 07 Июн 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Жамият
Ҳавола олиш
139 0 0

Ўзбекистон судларида фуқароларнинг шахсий қабули, суд жараёнлари ва сайёр суд мажлислари вақтинча тўхтатилган эди.

ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистонда “яшил” тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда фуқаролар қабулига рухсат берилади. 2020 йил 12 май куни Олий суд Раёсатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, қарорга мувофиқ “қизил” ва “сариқ” тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда фуқароларнинг шахсий қабули тўхтатиб турилади ҳамда фуқароларга ҳужжатларни судларга фақат электрон шаклда ёки почта орқали юбориш тавсия этилади.

Шунингдек, “қизил” тоифага кирувчи ҳудудлардаги судлар томонидан фақат эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ҳамда бошқа кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар кўрилиши белгиланган. Судлар суд буйруғи тартибидаги ишларни (алимент ундириш ва бошқалар) ҳам кўриши мумкин.

“Яшил” ва “сариқ” тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда барча ишларнинг белгиланган тартибда кўрилишига рухсат берилади.

Барча судларда (тоифа ҳудудидан қатъи назар):

 - судья ва мутахассислар томонидан ижтимоий масофани (2 метрни) сақлаган, тиббий ниқоб ва антисептик воситаларидан фойдаланган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;

 - барча турдаги оммавий тадбирларни ўтказмаслик (судлар фаолияти билан боғлиқ видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган йиғилишлар бундан мустасно);

 - суд биноларига кириш-чиқиш жойларини пирометр ва антисептик воситалар билан таъминлаш, суд муҳокамасига келган ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, ниқобсиз ва тана ҳарорати 37°С ва ундан юқори бўлган ҳолатда, суд биносига киритмаслик каби мажбурий талабларга қатъий риоя этиш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, COVID-19 тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакат судларида фуқароларнинг шахсий қабули, суд жараёнлари ва сайёр суд мажлислари вақтинча тўхтатилган эди.

Асосий мавзулар