11:15 07 Июн 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Жамият
Ҳавола олиш
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (897)
97410

Ўзбекистонда коронавирусдан тўлиқ тузалганлар сони 2 314 нафарга етди. Даволаниш кўрсаткичи 82 фоизга етди.

ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон таҳририяти республикадаги коронавирус билан боғлиқ бугунги кун асосий хабарларини тўплади.

2020 йил 18 май соат 16:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2779 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси олдиндан карантинда бўлган фуқаролар орасидан аниқланган.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 67 нафар (Тошкент 39, Самарқанд 21, Наманган 7) бемор тузалиб, соғайиш кўрсаткичи 82 фоизга кўтарилди ва 2 314 нафар фуқаро коронавирус инфекциясидан бутунлай фориғ бўлди.

Айни пайтда қолган 452 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

13-чи ўлим

Тошкентда коронавирусга чалинган самарқандлик бемор вафот этди. Самарқандлик И. (эркак) 14 май куни оғир аҳволда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилади.

Диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “COVID-19” инфекцияси ҳам аниқланган. Шундан кейин бемор Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Бемор узоқ вақт давомида жигар циррози ташхиси билан даволаниб келган. Бундан ташқари, унда семизлик, анемиянинг оғир даражаси каби қатор ҳамроҳ касалликлар ҳам мавжуд бўлган.

Кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Фуқаролар қабули тикланди

Бугундан бошлаб Ўзбекистон ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан санитар-гигиеник норма талабларига риоя қилган ҳолда фуқаролар қабули тикланди. Қабул амалга оширилаётган бинога кириш йўлаклари пирометр ва антисептик воситалари билан таъминланган.

Фуқаролар қабули ижтимоий масофа (2 метр) сақланган ва шахсий ҳимоя воситаларидан (тиббий ниқоб, бир марталик қўлқоп ва антисептик воситалар) фойдаланган ҳолда йўлга қўйилади.

Очилган аэропорт ва вокзал

Бугундан бошлаб Тошкентдан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновлар (бориш ва қайтиш) ҳамда Тошкентдан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови қисман тикланди.

Йўловчилар санитария қоидаларига қатъий риоя қилиши талаб этилади: ҳимоя ниқоби ва қўлқопда бўлиши зарур, кириш қисмида дезинфекциядан ўтказилади.

Дастлаб йўловчилардан "COVID-19"га тест таҳлили олинганлиги ҳақидаги маълумотнома талаб этилганди. Кейинчалик Республика махсус комиссияси томонидан ушбу талаб бекор қилинди.

Тест нархи

Ўзбекистонда самолёт ва поезд йўловчилари учун COVID-19га тест топшириш жойи ва нархи маълум қилинди.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, тиббиёт муассасаларида коронавирусга тест текшируви бепул амалга оширилади. Бироқ тикланаётган авиа ва темир йўл қатнови йўловчилари учун бошқа вақтинчалик тартиб мавжуд.

"Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги фармонига мувофиқ, йўловчилар лаборатория текширувлари пуллик асосда ўтказилади. Битта таҳлилнинг нархи 224 минг сўмни ташкил этади. Текширув Тошкентда Республика ОИТСга қарши кураш марказида, Қорақалпоғистон ва минтақаларда санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида ўтказилади”, - деди Нурмат Отабеков.

Шунингдек, Нурмат Отабеков Учтепа туманидаги 62-сонли оилавий поликлиника карантинга ёпилганини маълум қилди. Карантиндаги фуқаро Учтепа туманидаги поликлиникага келган. Ўша куни навбатчиликда бўлган 11 нафар шифокор карантин ҳудудига юборилган.

"Груз-200" 

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Россияда коронавирусдан вафот этган Ўзбекистон фуқаросини олиб келиш ва дафн қилиш жараёни қандай амалга оширилишини тушунтирди. Бу масалада фуқаролар кимга мурожаат қилишлари кераклигини айтди.

  • COVID-19 касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасади тегишли патанатомия бўлими ёки Республика суд-тиббий экспертиза илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларига қарашли жасад ташийдиган махсус транспорт воситасида эпидемияга қарши барча чора-тадбирларга риоя қилган ҳолда ташилади;
  • патанатомия бўлими суд-тиббий экспертиза илмий маркази ва унинг ҳудудий филиаллари, шунингдек, чет давлатлардан ҳаво йўллари ва автомобил йўли орқали COVID-19 касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар тобути уйга олиб борилмасдан, тўғридан-тўғри қабристонга олиб борилиб, дафн этилади;
  • майитни кутиб олиш ва қабристонга етказиш тадбирлари алоҳида ажратилган махсус автотранспорт воситаси ёрдамида амалга оширилади;
  • майитни махсус транспорт воситасида олиб борилмасдан, яқинлари ва қариндош-уруғларига бериб юбориш қатъиян ман этилади;
  • шахси аниқланмаган ва қариндошлари томонидан олиб кетилиши рад этилган жасадлар алоҳида ажратилган қабристонга юқорида қайд этилган барча қоидаларга риоя этган ҳолда дафн этилади.

Дунё ва "Тождор душман"

COVID-19 дунёнинг 188 давлатига етиб борди. БССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда янги коронавирус инфекциясини юқтириб олган кишиларнинг сони 4,5 миллиондан ошди, 307 минг киши вафот этди.

Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (897)

Асосий мавзулар