ТОШКЕНТ, 25 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Москвадаги Ислом Каримов номидаги ҳиёбонга ташриф буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Ислом Каримов номидаги хотира боғи Ўзбекистон элчихонаси яқинида жойлашган. Ўзбекистон биринчи президентининг ҳайкали 2018 йил 18 октябрда ўрнатилган эди.
Мирзиёев ҳайкал пойига гуллар қўйди ва мамлакат тарихида ўчмас из қолдирган республиканинг биринчи президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбарини ҳиёбонда ўнлаб ватандошлар кутиб туришган. Президент йиғилганларнинг барчасига салом йўллади.
Эслатиб ўтамиз: кеча 24 июн куни Москвадаги Қизил майдонда Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига парад бўлиб ўтди. Унда ўнта хорижий давлат раҳбарлари, шу жумладан Шавкат Мирзиёев иштирок этди.