Автотранспорт ҳаракатига қатор чекловлар киритилди

Oбуна бўлиш
Шахсий автотранспорт воситаларига илгари берилган стикерлар асосида ҳаракатланишга, стикерсиз фақат соат 07.00 дан – 10.00 гача ва 17.00 дан – 20.00 гача ҳаракатланишга рухсат берилади. 

ТОШКЕНТ, 9 июл - Sputnik. Маълумки, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони кўпайиши муносабати билан, Республика махсус комиссияси 10 июлдан 1 августга қадар барча ҳудудларни "қизил"га айлантириш, карантин чекловларни кучайтиришга қарор қилган эди. 

Ушбу муносабат билан 10 июлдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракатига доир қуйидаги чекловлар киритилди:

  • вилоятлараро қатнов ҳамда Тошкент шаҳрига авторанспорт воситалари кириши тўхтатилади. Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно; 
  • жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилади;
  • автотранспорт воситалари илгари берилган махсус рухсатнома (стикерлар) билан ҳаракатланади. Ўз ҳудуди доирасида стикерсиз ҳаракатланишга фақат соат 07.00 дан – 10.00 гача ва 17.00 дан – 20.00 гача рухсат берилади. 
  • вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари атрофидаги йўл патрул хизмати, блокпост ва тўсиқ постлар фаолияти кучайтирилади;
  • фуқароларнинг мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишига фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжларни харид қилиш ёки иш жойига бориб ва келиш учун рухсат этилади;

Шу билан бирга, Республика Махсус комиссияси қарори асосида қуйидаги транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилган: 

* соғлиқни сақлаш ҳамда хусусий тиббиёт ташкилотлари, тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари.

* фармацевтика маҳсулотлари (дори воситалари ва тиббий буюмлар) ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари.

* тез тиббий ёрдам кўрсатиш махсус автомобиллари ёки инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатларда  билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари.

* йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксиларга, қуйидаги қоидаларга амал қилган ҳолда: 

     - такси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши керак;

     - ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади) лозим;

     - йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши ҳамда фақат ўз ҳудудида ҳаракатланиши шарт.

* етказиб бериш хизмати ташкилотларининг автотранспорт воситалари;

* коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, газ, электр энергияси ва чиқинди ташиш хизматларининг махсус автотранспорт воситалари;

* Олий Мажлис, суд ва прокуратура, вазирликлар, палаталар ва бошқа давлат бошқарув органларининг хизмат автотранспорт воситалари;

* инкассация хизмати автотранспорт воситалари;

* Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари автотранспорт воситалари;

* Алоқа ва почта хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар хизмат автотранспорт воситалари;

* N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари;

* “Тошшаҳартрансхизмат” АК саройларининг М2 ва М3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари;

* йўл-патруль хизмати автомобиллари ёрдамида кузатилаётган автотранспорт воситалари;

* дафн маросимларида хизмат кўрсатувчи махсус автотранспорт воситалари;

* мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 (бир нафар йўловчи билан) тоифадаги жисмоний шахсларга тегишли шахсий автотранспорт воситалари.

Янгиликлар лентаси
0