Қизлар орасидаги эрта туғруқ ҳолатлари 34 фоизга камайди – ХТВ

© unsplash / Michalina Беременная женщина
Беременная женщина - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Вазирлик маълумотларига кўра, 11 йиллик таълим тизимига ўтилиши қизлар орасидаги эрта туғруқ ҳолатларини 34 фоизга камайишига сабаб бўлган.

ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. 11 йиллик таълим тизимига ўтилиши қизлар орасидаги эрта туғруқ ҳолатларини 34 фоизга камайишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда вояга етмаган қизлар ўртасидаги эрта туғруқ ҳолатлари 2017 йилдан бошлаб 11 йиллик умумтаълим тизимига ўтилиши билан эрта туғруқ ҳолатларининг сони пасайиши кузатилган. Мисол учун 2016-2017 йиллар давомида 15-17 ёшдаги қизлар ўртасида жами 429 туғруқ ҳолати қайд этилган бўлса, 2018-2019 йиллар давомида ушбу кўрсаткич 34 фоизга камайиб, 284 тани ташкил қилган.

Эрта туғруқ ҳолатлари содир этилиши кўрсаткичининг камайиши ҳолатини умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган қизлар сони нисбатига таққослаганда ҳам кўриш мумкин:

  • 2017 йилда Халқ таълими тизимида таҳсил олаётган ҳар 12995 нафар қизга 1 та туғруқ (умумий қизлар сонига нисбатан 0,0076%);
  • 2018 йилда тизимда таҳсил олаётган ҳар 15169 нафар қизга 1 та туғруқ (умумий қизлар сонига нисбатан 0,0066%);
  • 2019 йилда тизимда таҳсил олаётган ҳар 23666 нафар қизга 1 та туғруқ тўғри келган (умумий қизлар сонига нисбатан 0,0042%).

Маълум қилинишича, бугунги кунда халқ таълими тизимида манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда вояга етмаганлар орасида эрта туғруқ ҳолатларини олдини олиш мақсадида “Мустаҳкам оила”, “Аҳил оила”, “Ҳаётга қўшил”, “Ижобий фикрлашни ўқитиш” каби тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ривожланаётган мамлакатларда 15 ёшгача бўлган ўспирин қизларда камида 777 000 та туғруқ ҳолати қайд этилган. Ўсмирларнинг ҳомиладорлиги қашшоқлик, таълимнинг паст бўлган чекланган аҳоли гуруҳларида кўпроқ учрайди. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги 20 йил ичида ўсмирларнинг туғруқ даражаси дунё бўйича 11,6 фоизга пасайган. Шу билан бирга, ушбу кўрсаткич бўйича ҳудудлар ўртасида катта фарқлар мавжуд. Масалан, ўсмирлар ўртасида туғилиш даражаси Шарқий Осиёда 7,1, Марказий Африкада эса 129,55 га етади. АҚШ, Россия, Африка давлатлари, Осиё ва Европанинг айрим давлатларида 15-17 ёшдаги қизлар ўртасида эрта туғруқ ҳолатлари ўртача ҳар 10 000 нафар қиздан 50-100 тасида учрайди.

Янгиликлар лентаси
0