Амалдорларнинг хизмат машиналаридан фойдаланиши устидан назорат кучайтирилади

Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади.

ТОШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга оид президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда келтирилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади. Хизмат автомобилларидан шахсий манфаатларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус веб-порталига, шунингдек, махсус мобиль дастурий таъминотига фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабардор қилинади.

Хизмат автотранспортлари Ички ишлар вазирлиги томонидан бериладиган давлат органининг номи акс эттирилган махсус эмблема (голограмма) билан жиҳозланади.

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бундан мустасно) ва республика давлат бошқаруви органларида хизмат мақсадларида, шу жумладан хорижий делегациялар ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа махсус транспорт воситалари хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади.

Қарор лойиҳаси 27 августга қадар муҳокама қилинади.

Янгиликлар лентаси
0