14:57 31 Октябр 2020
Эфир
  • RUB136.11
  • EUR12285.78
  • USD10359.88
Жамият
Ҳавола олиш
237 0 0

Фирибгарликда гумонланган шахс 19 яшар самарқандлик аёл эканлиги аниқланган. Ўтказилган суҳбат давомида, у telegram ижтимоий тармоғида фаол экани ва бир биридан фарқ қилувчи 8 та профилдан фойдаланиши, уларнинг 4 таси АҚШ рақамларидан очилганлиги аниқланган.

ТОШКЕНТ, 19 авг - Sputnik. Самарқандлик 19 яшар аёл телеграм ижтимоий тармоғи орқали бойишнинг янги усулини кашф қилди. Ҳақиқатда оғир дардга чалинган қизалоққа тегишли шахсий маълумотлардан фойдаланиб, оқкўнгил ва саховатли инсонлардан катта миқдорда "хайрия пулларини" ўзлаштираётган вақтда қўлга олинди, деб хабар беради ИИББ матбуот-хизмати.

Хабарда айтилишича, 13 август куни Тошкент вилояти ИИББ 1-минтақавий ҳудуд бошлиғи номига Чирчиқ шаҳарда яшовчи оғир дардга чалинган Эъзозанинг отаси фуқаро Э.Гулметов ариза билан мурожаат қилган. Эркак ўз аризасида ноъмалум аёл унинг қизи Эъзозага тегишли бўлган маълумотларни ўзлаштириб, телеграмда ташкил этилган "Эъзозага ёрдам" гуруҳида ўзини қизалоқнинг онаси деб таништириб, фириб йўли билан хайрия пулларини ўзлаштираётгани ҳақида маълум қилган.

ИИББ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суруштирувлар давомида нотаниш аёлнинг Эъзозага ёки унинг яқин қариндошларига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланади ва фирибгарни ушлаш мақсадида тезкор тадбир ташкил этилади.

Тадбирга ўз ихтиёри билан кўмаклашишга розилик билдирган Эъзозанинг отаси интернетдаги номаълум аёл билан шартли равишда "саховатли инсон" бўлиб телефон орқали мулоқотга киришади. Шунда, аёл Эъзозанинг онаси эканлигини ва қизчанинг кунлик муолажалари учун зудлик билан 25 миллион сўм пул зарурлигини, унинг аҳволи оғирлигини ва ўзи Самарқанд вилоятида эканлигини айтиб, хайрия пулларини олиш учун Тошкент шаҳрида ички ишлар ходими бўлиб ишловчи танишини юборишини айтади.

Шундан сўнг, тезкор операцияга ИИВ ЎХБ Тошкент вилояти бўйича бўлими ходимлари ҳам жалб этилади ва келишилган вақтда белгиланган жойга келиб "саховатли инсон"га ўзини ички ишлар органларида хизмат қилувчи деб таништирган Шавкат исмли шахс хайрия сифатида берилаётган келишилган пулларни олаётган вақтида тадбир қатнашчилари томонидан далилий ашёлар билан ушланади.

Текширув давомида, эркак аслида 1981 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган "Самарқанд-Тошкент" йўналишида йўловчи ташиш билан шуғулланиши ва бирон-бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органда хизмат қилмаслиги аниқланади.

Ушланган шахс билан ўтказилган суҳбат давомида, унга ноъмалум аёл қўнғироқ қилиб, Тошкент шаҳрида 10 миллион сўм ва 1 400 АҚШ доллари миқдоридаги пуллари борлигини, фақат пулни олаётган одамига ўзини ИИО ходими деб таништиришини илтимос қилганлигини ва бунинг эвазига 200 минг сўм почта пули олишга келишганини маълум қилади.

Ҳайдовчи Шавкат Б. ўз ихтиёри билан тезкор тадбирни давом эттиришга розилик билдиради.

14 август куни Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир давом эттирилиб, фирибгарликда гумонланувчи аёл ҳайдовчи Шавкатдан келишилган пулларни олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Фирибгарликда гумонланган шахс 2001 йилда туғилган, турмушга чиқмаган Самарқанд шаҳрида яшовчи М.М. эканлиги аниқланган. Ўтказилган суҳбат давомида, у telegram ижтимоий тармоғида фаол эканлиги ва бир биридан фарқ қилувчи 8 та профилдан фойдаланиши уларнинг 4 таси АҚШ рақамларидан очилганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан, фуқаро М.М.га нисбатан Қибрай тумани ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми "а"-банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан воқеа жойларида туширилган тезкор тасвирлар яқин вақт ичида видео контент тарзида намойиш этилади.

Асосий мавзулар