15:36 31 Октябр 2020
Эфир
  • RUB136.11
  • EUR12285.78
  • USD10359.88
Жамият
Ҳавола олиш
462 0 0

Ўзбекистонда давлат мактаблари ўз фаолиятини 14 сентябрдан бошлайди. Ўтказилган махсус сўровнома натижаси ота-оналарнинг 76 фоизи таълим мактабга қатнаган ҳолда, яъни анъанавий шаклда олиб борилиши тарафдори эканликларини билдирганлар

ТОШКЕНТ, 29 авг - Sputnik. Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йили 14 сентябрдан бошланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Сўровнома натижалари

Эслатиб ўтамиз, сал олдин Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабларни очиш борасида алоҳида сўровнома эълон қилинган эди. Сўровда 5 миллион 500 минг нафар ота-она иштирок этган. Уларнинг 76 фоизи таълим жараёнини мактабга қатнаган ҳолда, яъни анъанавий шаклда олиб бориш тарафдори эканликларини билдирганлар, қолган 24 фоизи эса масофавий шаклда – теледарслар орқали давом эттиришни маъқул кўришган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мактабларда таълим анъанавий, шу билан бирга масофавий шаклда йўлга қўйилиши белгиланди.

Ҳаракатлар схемаси

Айни вақтда ҳаракатлар схемасини ишлаб чиқиб, тажрибадан ўтказиш бўйича топшириқ берилган. Тажриба асосида ўқувчиларни мактабда ким кутиб олиши, қайси синф қайси эшикдан кириши, синфхоналарнинг ҳавоси қачон алмаштирилиши каби ҳар бир қадам аниқ белгилаб олинади.

Пандемия даврида мактаб директори, синф раҳбари ва ота-она ўртасидаги мулоқотни ҳар қачонгидан ҳам кучайтириш мақсадида уйдан таълим оладиган ўқувчиларнинг ўзлаштиришини кундалик мониторинг қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, пандемия даврида мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш - қабул қилиниши жуда қийин бўлган масалалардан биридир. Шу кунларда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус дунёда коронавирус касаллиги яна икки йилгача давом этиши мумкинлигини билдирди.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш пандемия сабабли кўп давлатларда тўхтаб қолган таълим жараёни оқибатлари келгусида дунё ҳамжамияти учун ўта оғир бўлиши мумкинлигини айтди. Бу дегани "барчамиз пандемия шароитида коронавирус билан яшаш, ишлаш ва фарзандларимизни ўқитишга тайёр бўлишимиз керак".

Бирламчи воситалар билан ҳокимликлар таъминлайди

Айни вақтда туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарларига мактабларни санитар талабларга мувофиқ, бирламчи воситалар билан тўлиқ таъминлаш вазифаси қўйилди. Санитария хизмати марказлари 5 сентябрга қадар ўз ҳудудидаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлик ҳолатини ўрганиб, жамоага қўшимча ўқув-тренинглар ўтади. Бундан мақсад – мактабларга амалий ёрдам кўрсатиб, ота-оналарнинг кўнглини хотиржам қилишдир.

Маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари ўз туманидаги эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тегишли қарор қабул қилади.

"Мактаб" тариф режаси ва интернет масаласи

Видеодарсларни сифатли тайёрлаш, бу жараёнга давлат ва нодавлат телеканалларини фаол жалб этиш, 3 та телеканалда доимий эфирга узатиб бориш зарурлиги қайд этилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига жойларда рақамли телевидение сигнали ва интернет тезлигини таъминлаш, чекка ҳудудлардаги коммуникация тизимларини тўлиқ тестдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилди. Ўқувчилар учун интернетдан фойдаланишда имтиёзли "Мактаб" тариф режаси жорий этилиши айтилди.

Таълим муассасаларидаги тозалик ва озодаликни сақлаш, синфхоналар ва атрофни дезинфекция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир мактабга ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари бириктирилиб, тартибни сақлаш ва карантин талабларига риоя этилишини назорат қилади.

Ўқувчилар соғлигидан доимий хабардор бўлиш мақсадида ҳудудий поликлиника ёки врачлик пунктларидан камида бир нафардан тиббиёт ходими жалб этилади.

Тадқиқотлар ёш болаларда вирус енгил кечишини кўрсатмоқда. Бироқ ўқувчилар инфекциянинг ташувчисига айланиб қолишлари мумкин. Улар ўзлари билмаган ҳолда устозлари ёки оила аъзоларига, айниқса ёши улуғ кишиларга юқтириши хавфини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Асосий мавзулар