11:49 18 Сентябр 2020
Эфир
  • RUB137.65
  • EUR12194.82
  • USD10295.33
Жамият
Ҳавола олиш
41210

Сенатор Бахтиёр Сайфуллаев кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай дабдабали тўй ўтказган юлдузларни танқид қилди.

ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузган юлдузларни танқид қилди.

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган “Браво” жамоаси вакили Аҳмад Темиров ҳамда хонанда Воҳиджон Исоқовларнинг никоҳ тўйлари тасвирланган видео ва фотолавҳалар жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.

“Албатта, ёшларимизни янги оила остонасига қадам қўйганликлари билан табриклайман. Аммо коронавирус балоси ҳали ўз таъсир кучини кўрсатиб, кундан-кунга касалланиш ортиб бораётган бир вақтда махсус комиссия талабларига зид равишда 30 кишидан ортиқ меҳмонларни йиғиб, карантин тартиб қоидаларга риоя этмаслик ва охир-оқибат яқинларимизнинг соғлиғини, ҳаётини хавф остига қўйиш тўғрими?”, - дея савол билан юзланган сенатор.

Сайфуллаев табриклаш учун келган ўндан ортиқ санъаткорлар ҳамда юзга яқин меҳмонларнинг ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш нима эканлиги ёдларидан ҳам чиқиб кетганлиги тарқалган видео ва фотолардан яққол кўриниб турганига эътибор қаратган.

У Аҳмад Темиров, Воҳиджон Исоқов ўрнатилган тартибда жаримага тортилганидан хабари борлигини таъкидлаган. Бироқ бундай хатти-ҳаракатлар “тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутулиш мумкин” деган нотўғри хулосалар шаклланшига сабаб бўлиши ёмон.

“Бу каби кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузганлар фақатгина маълум бир миқдорда жарима тўлаш билан қутулиши етарли эмасдек, назаримда. Жамият қоидаларига, инсонлар ҳаётига бунчалар беписандалик билан қараш кўринмас душман билан олишиб жонларини фидо қилган юзлаб шифокору-ҳарбийларимиз, юртдошларимиз хотираси ва меҳнатларига нисбатан ҳам ҳурматсизлик деб баҳолашга лойиқ”, - дея ҳисоблайди Сайфуллаев.

Хабарда қўшимча қилинишича, ушбу ҳолатлар бўйича Маданият вазирлигига  Сенатор сўрови юборилган.

Мазкур масала эса Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган.

Асосий мавзулар