22:26 25 Октябр 2020
Эфир
  • RUB133.19
  • EUR12153.63
  • USD10371.76
Жамият
Ҳавола олиш
4331110

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, Булунғур туманидаги маърифат масканларидан бирининг раҳбари ўқитувчиларнинг мукофот пулини ўзлаштириб, жазосиз қолиш тизимини пухта йўлга қўйиб олган

ТОШКЕНТ, 10 окт - Sputnik. Самарқанд вилояти Булунғур тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 20-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқитувчилари Sputnik Ўзбекистон халқаро ахборот агентлигига мурожаат йўллаб, мактаб директорининг иш фаолиятидан норози эканликларини баён этишган. Ўқитувчилар иддаосича, мактаб директори Г.Ч. бугунгача кўплаб ўқитувчилар номига мукофот пули ёзиб, пулнинг маълум қисмидан ўзи ҳам манфаатдор бўлиб келмоқда.

Жорий йил феврал ойида Ўзбекистон президенти коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоатчилик назорати тизимларини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказиб, мутасаддиларга хорижий тажриба асосида коррупцияга қарши курашиш бўйича тузилмани ташкил этишга доир ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берган эди. Мамлакатда коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди ҳам. Олиб борилаётган ислоҳотларга  қарамай, Республиканинг айрим ҳудудларида ушбу иллат келтириши мумкин бўлган оқибатларни ҳали ҳам тўла англаб етмаган ёки онгли равишда уни менсимаётганлар кўплаб учрамоқда.

Булунғур тумани ХТБга қарашли 20-умумтаълим мактаби ўқитувчилари томонидан йўлланган мурожаат бўйича суриштирув ўтказиб, ана шундай хулосага келамиз. 

Мурожаатда айтилишича, 2018-йилнинг апрел ойларида 20-мактабга янги директор тайинлангач, таълим масканида муҳит салбий томонга ўзгара бошлайди. Мактаб раҳбари муроса қилиш мумкин бўлган ўқитувчиларга мукофот пуллари ёзиб, пулларнинг маълум суммасидан ўзи ҳам манфаатдор бўлиб келади. Бундан норози бўлган ўқитувчилар мукофот пулидан бенасиб бўлиб, директорнинг "қора рўйхати"га тушади ва рағбатлантириш масалаларида улар раҳбар назаридан четланадилар.

Ўзи томонидан содир этилаётган ҳаракатларнинг қонунга зидлигини яхши билган директор "айбларни" беркитиш кераклигини ҳам унутмайди. У ўқитувчиларнинг ҳар биридан "Мукофот пулини тўлиқ олдим ва ўз эҳтиёжим учун ишлатдим" мазмунида тушунтириш хатларини ёздириб олади. Бироқ, қоғозбозлик расм-русумини жой-жойига қўйгач ҳам кўнгли тинчимайди, у мана шу тариқа бир қанча ўқитувчиларнинг чўнтагини "қоқиб" олади. Мурожаатда уларнинг исм-шарифлари эринмай келтириб ўтилган бўлиб, ҳолатларни ўз имзоси ва исм-шарифлари билан тасдиқлаганлар. Шунингдек, уларнинг директор номига ёзган тушунтириш хатларидан ҳам нашрда нусхалар мавжуд.

Мурожаатда ўқитувчиларнинг маълум қилишича, раҳбар опа нафақат ўз қўлидаги ишчилар, балки ўқувчиларга бўлган муносабати, муомала маданияти ҳам рисоладагидек эмас: айрим фаррошларга мактабга келтирган супургиси "нимага ярамаслиги" билан камситилган бўлса, ота-онасининг ажрашганига айбдор бўлмаган ўқувчилар эса шахсан камситилиб, ҳақоратларга дучор бўлган. Бундан ташқари бўлар бўлмасга иш ҳақи ҳамда мактаб харажатлари дея ойлик маошлардан ушлаб қолишлар ўқитувчиларни бездириб юборган.

Шу тариқа баён этилган ҳолатлардан бир нечтасини келтириб ўтсак, унга кўра янги мактабга кўчиб ўтилиши важи билан қишлоқдаги иқтисоди яхши бўлган бир қанча оилаларга мурожаат хати йўлланиб, ота-оналар ҳомийликка жалб қилингани, улардан 200 мингдан 500 минг сўмгача суммаси кўрсатилган хатлар юборилгани, айрим ота-оналарнинг ушбу сўралган суммани нақд келтириб берганликлари ҳақида айтилади.

2019-2020 йил ўқув бошида эса  мактаб ўқитувчиси И.М.га "0.5 штатда мактаб психологлигини бераман" деб, эвазига ундан ўзининг пластик карточкасига бир маротаба 200 минг сўм, яна бир марта 400 минг сўм, жами 600 минг сўм пулни ўтказиб олгани, кейинроқ яна 200 минг сўм пулни таъмагирлик йўли билан талаб қилган, аммо ўқитувчи бера олмагач, у билан муросаси келишмай қолгани келтирилади.

Яна бир ўқитувчи эса "мактабда немис тили гуруҳи очиб бериши" ваъдасига ишониб, ўртадаги "воситачи ўқитувчи" орқали директорга 400 минг сўм "узатиб" юборади. Аммо ваъда қилинган немис тили гуруҳи ота-оналар қаршилиги сабаб очилмагач, директор ўқитувчидан олган пулини қайтармайди.  

Саккизинчи синф ўқувчилари ўз қўли билан ёзган тушунтириш хатларидан парчага эътибор беринг: "...директор бизни синф хонасида писта чаққанликда айблаб, қишнинг қаҳратон совуғида кўчада қолишга мажбур қилган... Бизни қор ёғаётганда ташқарига чиқариб, фақатгина майка, оёқ кийимларимизни ечиб 20-25 дақиқа битта оёқда турғизиб, ўз хонасига кириб кетди". 

Мурожаатчилар мактаб директорининг ҳатти-ҳаракатларини қулдорлик тузумидаги қулларга нисбатан қилинадиган муносабатга қиёслашади ва унинг ўз лавозимини бўшатиб қўйишини исташади. Айнан шу мазмундаги мурожаат билан ўқитувчилар туман ХТБ ҳамда прокуратурага мурожаат йўлашади.

Хусусан, Булунғур туман прокуратураси томонидан мурожатчиларга 2020 йилнинг 2 августида "шикоят юзасидан иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Булунғур тумани бўлими томонидан терговга қадар текшириш олиб борилаётгани, текшириш ҳарактлари туман прокуратураси томонидан назоратга олингани" ҳақида ёзма жавоб қайтарилади. Аммо "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, бир ой ичида кўриб чиқиб, ҳал этилиши керак бўлган шикоят аризаси октябр ойи бошланибди ҳамки, кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинмаётир...

Шунингдек, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Самарқанд вилояти, Булунғур туман бўлими томонидан вилоят молиявий назорат бошқармасига йўлланган хат (мазмунан кўриб чиқиб, ҳал этиш учун йўлланган) ҳам ҳамон ўрганилмоқда.

Энг қизиғи эса ўқитувчилар томонидан Ўзбекистон президенти порталига йўллаган мурожаатнинг Булунғур туман ХТБ томонидан қандай ҳал этилганида: шикоят кўриб чиқилиб, ҳолатлар ўрганилиб, мазмунан ҳал этиш учун порталдан қайта туман ХТБ га йўллангач, ушбу бўлим ходимлари томонидан ажойиб “спектакл” саҳналаштирилади.

Яъни бевосита мурожаатда айтилган ҳолатларга алоқадор бўлган йигирмага яқин гувоҳлар, ўқитувчилар қолиб, алоқадор бўлмаганлар, мактабда бир пайтлар ишлаб, бугун нафақалик гаштини суриб юрган ўқитувчилардан бир нечтаси маҳалла идорасига чақиртирилади. Мурожаатнинг ижобий натижасидан даъвогар бўлган ўқитувчилар(асосий аризачи)дан эса атиги бир нафари чақиртирилиб, ундан "директор билан ярашиш" талаб қилинади.

Аризачи туман ХТБ, маҳалла идораси раиси, маҳалла профилактик инспекторининг қисташига қарамай, даъвосидан воз кечмайди. Шунга қарамай, "спектакл саҳналаштирувчилари" ҳамда ёлғончи гувоҳлар иштирокида далолатнома тузилиб, "20-мактабдаги юз берган ҳолатлар қисман ўз тасдиғини топганлиги, мактабнинг "эрка раҳбар опаси"га шунчаки навбатдаги интизомий чора қўлланилиши" сўралиб, вилоят ХТБ номига юборилади...

Бундан кўринадики, мурожаатда айтилаётган ҳолатларнинг қисман ўз тасдиғини топганлиги ҳақида маълум қилаётган туман ХТБ ходимлари, директорнинг шунчаки интизомий чора билан қутулиб кетишини, эҳтимол, унинг ўз лавозимида фаолиятини давом этиришини қўллаб-қувватлайди. 

Ҳозирча ҳолат вилоят ХТБ томонидан ўрганиляпти. Аммо 20-мактаб ўқитувчиларининг боши узра сузиб юрган қора булутлар қачон тарқайди, бу нафақат уларнинг ўзига, балки жамоатчиликка ҳам қизиқ бўлса ажаб эмас.

Содир этилган ҳуқуқбузарликларчи, фидойи ўқитувчилардан ўзлаштирилган пулларни ким ўз эгаларига қайтаради? Бу юзасидан қонун ҳимоячилари ниҳоят суриштирувни бошлашармикан?

Билим ва маърифат масканида бу каби салбий иллат илдиз ота бошлаган экан, раҳбар опага эса шафқат қилишни сўраётган туман ХТБнинг хайрихоҳлиги шубҳали эмасми? Бу юзасиданчи, вилоят ХТБ қандай муносабат билдиради?

Ахир қўштирноқ ичидаги раҳбар ходимлар шу тариқа иш ҳақини талон-тарож қилаверса ва айблари кўр-кўрона ёпиб юборилаверса, коррупцияга шу тариқа барҳам бериб бўлармикан? Ана шу саволлар очиқ қолмоқда...

Асосий мавзулар