04:52 05 Декабр 2020
Эфир
  • RUB137.48
  • EUR12473.23
  • USD10427.38
Жамият
Ҳавола олиш
736 0 0

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси GTL заводидаги ишчиларнинг оммавий тўполонига "бунга даъват қилганлар, албатта, аниқланиши керак", дея муносабат билдирди

ТОШКЕНТ, 10 ноя – Sputnik, Дилшода Раҳматова. Жорий йил 21 октябр куни Enter Engineering компаниясининг Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан бирида ишчиларнинг оммавий тўполони акс этган видео-ёзувлар тарқалган эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев ушбу ҳолатда "тўполонга даъват қилганлар, албатта, аниқланиши керак", дея муносабат билдирди.

© Sputnik / Дильшода Рахматова
Кобилджон Киргизалиев, заместитель председателя федерации профсоюзов РУз

Қирғизалиев "Ғузор тўполони" воқеаси бўйича ушбу шарҳни 9-ноябр куни "Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари" мавзусида ўтказилган матбуот-анжуманида айтди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Касаба уюшмаси Федерацияси вакилининг сўзларига кўра, ҳодиса рўй берган куни Федерация раиси топшириғига кўра, Қирғизалиев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилган ва Қашқадарёга йўл олган.

"Қурилишда 17 минг нафардан ошиқ одам ишлаши керак. Ҳозирги кунда ишчилар сони 13,5 мингдан кўп. Шундан 10 минг нафардан ортиғи маҳаллий ишчи ходимлар, қолганлари турли давлатлардан келишган. Ҳодисадан кейин Республика касаба уюшмаси раҳбари топшириқлари билан меҳнат инспекторларимиз, Қашқадарё вилояти касаба уюшмаси раиси, нефт-газ ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раисини ўз ичига олган катта гуруҳ туздик ва воқеа жойига етиб бордик. Энергетика вазири (Алишер) Султонов, Меҳнат муносабатлари вазири (Нозим Ҳусанов), Қашқадарё вилояти ҳокимияти вакиллари ва объект қурилиши ишларини амалга ошираётган Enter Engineering компанияси барча раҳбарлари ўша ерда экан, биргаликда қилинадиган ишларни муҳокама қилдик", - дея ўша кунги воқеаларни эсга олди Қирғизалиев.

Айтишича, ҳодисага ойдинлик киритиш мақсадида ҳар бири беш кишидан иборат олтита гуруҳ тузилган. Шулар орасида 20 нафарини касаба уюшмалари, 5 нафарини иш берувчилар, 5 нафарини Меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари ташкил этган.

Ҳар бир гуруҳ алоҳида топшириқлар бўйича ўрганиш олиб борган: хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари, транспорт, тиббий кўмак, иш ҳақлари ва ҳоказо. Ундан ташқари, 14та саволдан иборат анкета тузилиб, гуруҳларга тарқатилган.

"Уч кун давомида 1,5 минг нафар ишчи ходим билан мулоқот ўтказдик. Аниқланган энг катта муаммо: объектда ишчилари илгари 22 кун ишлаб, 8 кун дам олишган бўлса, пандемия туфайли ўша режим бузилган бўлган. Карантин жорий этилгани туфайли 30-35 ёш атрофида бўлан ёшлар объектда 60-70 кунлаб қолиб кетишган. Тасаввур қилинг, иш жойи атрофи тўлиқ ўралган, постлар бор, ҳеч жойга чиқиш мумкинмас. Аммо эътироф этиш керак-ки, компания ўз ходимларининг соғлиғини муҳофаза қилиш учун 5 млрд сўм сарф қилган. Даволаш мумкин бўлганларини ўша вақтнинг ўзида даволаган.

Иккинчи масала, объектда шу минглаб ишчилар учун  10та овқатланиш корпуси ташкил этилган ва уларга моноблок ўрнатилган. Яъни ҳар бир ишчига махсус карта берилган, у келиб, шу картани моноблокка қўйиб, чек олиб, шу чек билан ошпаз олдига боради ва овқатини олади.

Мингта одам овқатга навбатда турган, уларни овқатланишига қанча вақт кетади? Моноблокнинг бузилиши эса 1000 кишини ўша ерда бир соатгача қолиб кетишига олиб келган. Эрталаб бетон қуйган инсон ўша ерда 50 минут қорни оч қолиб кетган. Албатта бу ҳам инсон руҳиятига жуда таъсир қилади.

Учинчидан, инженер, техник ходимлар ва ишчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳам етарлича ташкил этилган эмас. Мана шу ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан анкеталаштириш ва суҳбатлар давомида аниқланди", - деди Қирғизалиев.

Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосарининг маълум қилишича, ҳозирда бу иш билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари шуғулланишмоқда, сабаби, ишчиларни ким бундай ишга даъват этгани албатта, аниқланиши шарт.

"Буни аниқлаш керак, аниқлаш шарт. Қонунда белгиланган тартибда ўз эътирозини айтиш керак эди. 7-8та ошхонадаги нарсаларни, компьютерларни, совутадиган (ускуналарни) ва ҳаттоки ўзларига тиббий ёрдам кўрсатадиган медицина пункти деразаларини чил-парчин қилишган. Бу даражага етиб бориш учун қанақадир даъватчилар бўлган", - деди у. 

Федерация томонидан амалга оширилган иш

Ишчи гуруҳининг махсус анкеталаштириш ва ишчилар билан ўтказган мулоқотидан сўнг, уларнинг эътироз ва истакларидан келиб чиққан ҳолда 130та автобусга қўшимча равишда яна 20та янги автобус олинган.

Ошхоналардаги моноблок режими бекор қилинган. Иш тартиби ҳам 22/8 режимига қайтган. Ишчилар яшаш жойида савдо комплекси қурилиши бошланган. Қўшимча спорт зали ташкил этилиши белгиланган.

Шу билан бирга, ишчиларнинг 5 мингдан ошиғи Касаба уюшмаси аъзоси эканлиги, аммо ташкилот касаба уюшмаси Тошкентдалиги маълум бўлгач, заводнинг ўзида ишчилар дардини тинглаши учун Касаба уюшмаси Федерацияси филиали ташкил қилинган.

Эслатиб ўтамиз, сал вақт олдин Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати Uzbekistan GTL’да содир бўлган тўполон заводга 480 миллион сўм зарар етказгани, норозиларга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар берган эди.

Таъкидланишича, заводда ўрнатилган тартиб-қоидадан норози бўлганларга нисбатан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми "в" банди (Кўп миқдордаги мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) ва 277-моддаси 2-қисми "б", "в", "э" бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан; совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб; кўп миқдорда зарар етказиб, бировнинг мулкини нобуд қилиб ёки унга шикаст етказиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Вилоят ИИБнинг маълум қилишича, тўполон пайтида ишчилар эшик ва дераза ромларининг ойналарини тош ва темир жисмлар билан уриб синдирган, уларни яроқсиз ҳолатга келтирган. Ходимларнинг хизмат хоналарига кириб 19 турдаги 14 миллион 320 минг сўмлик кузатув камералари, 9 дона ҳар хил турдаги 4 миллион 365 минг сўмлик ёзув столлари, 27 миллион 777 минг сўмлик кондиционерга, корхонанинг умумий ҳисобда 480 миллион сўмлик мол-мулкига шикаст етказган.

Ҳодиса содир бўлган жой вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси терговчилари томонидан кўздан кечирилган, ишга алоқадор бўлган ишчилар жиноят иши доирасида гувоҳ тариқасида жалб қилинган.

Асосий мавзулар