12:36 05 Март 2021
Эфир
  • RUB141.85
  • EUR12661.56
  • USD10517.12
Жамият
Ҳавола олиш
139 0 0

Биринчи апрелдан тадбиркорлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. Жараён тўлиқ автоматлаштирилади ва ДЙҲХ вакилининг назорати остида ўтказилади.

ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. 2021 йил 1 апрелдан тадбиркорлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида белгиланган.

“2021 йил 1 апрелдан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлар барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади”, - дейилган қарор матнида.

Бунда:

  • ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолаш инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади;
  • имтиҳонлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакилининг бевосита ёки онлайн назорати остида ўтказилади;
  • имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлар томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади;
  • назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун асос бўладиган махсус ҳимояланган сертификатлар берилади;
  • махсус ҳимояланган сертификатларнинг барча зарур реквизитлари тадбиркор томонидан давлат хизматлари марказлари ва ички ишлар органларига автоматлаштирилган ҳолда тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон олиш ваколати ИИВдан хусусий секторга берилиши мумкинлиги хабар қилинган эди.

Теглар:
имтиҳон, ҳайдовчилик гувоҳномаси

Асосий мавзулар