Муфтий Усмонхон Алимов отинойиларга мурожаат қилди - гап нима ҳақда бормоқда

© Международный пресс-клубУсмонхон Алимов - Председатель управления мусульман Узбекистана, муфтий
Усмонхон Алимов - Председатель управления мусульман Узбекистана, муфтий - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов ўз суҳбатларида фақат дўзах азоби, Қиёмат даҳшати ҳақида гапираётган, динни осон қилиб етказиш  ўрнига қўрқитиш йўлини тутган отинойилар ва ҳатто фолбинлик билан шуғулланиб отинойиликни даъво қиладиганларга мурожаат йўллади

ТОШКЕНТ, 16 дек - Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов мамлакатдаги отинойиларга мурожаат қилди. Мурожаат матни Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси расмий веб-сайтида эълон қилинган.

Усмонхон Алимов во время визита в США - Sputnik Ўзбекистон
Усмонхон Алимов навбатдаги бор дунёнинг энг обрўли мусулмонлари рўйхатига киритилди

Мурожаатда айрим отинойилар томонидан йўл қўйилаётган баъзи хатоликлардан мисоллар келтирилган.

Хусусан, баъзи отин­ойилар етарли билимга эга бўлмагани ҳолда диний расм-русумларга бошчилик қилиш орқали уларга эргашувчиларни ҳам залолатга бошлашаётгани айтилган. "Мана шундан отинойиларимиз эҳтиёт бўлишлари керак", дейилади матнда.

Шунингдек, айрим отинойилар суҳбатларида фақат дўзах азоби, қабр ҳаёти ва Қиёмат даҳшати ёки жаҳаннам васфи ҳақида гапириб, қалбга ваҳима ёки ҳайратга солишларига эътибор қаратилган. Шунингдек, хатоликларга йўл қўяётган отинойилар сифатида динни осон қилиб етказиш  ўрнига амалларни мушкул қилиб изоҳлаш, қўрқитиш йўлини тутганлар борлиги айтилган. Фолбинлик билан шуғулланадиганлар орасида отинойиликни даъво қиладиганлари борлигига эътибор қаратилган.

Усмонхон Алимов - Председатель управления мусульман Узбекистана, муфтий - Sputnik Ўзбекистон
Усмонхон Алимов диний маросимларни ўтказиш тартиби ҳақида баёнот билан чиқди

Кўплаб отинойилар эса Ўзбекистон мусулмонлари ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли адабиётлардан ўқиган ёки эшитган фикрларни гапириб, кишилар орасида ихтилофларни келтириб чиқаришаётгани қўшимча қилинган.

Шу нуқтаи назардан отинойиларга айрим муҳим вазифалар тақдим этилган:

  • отинойи Ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна билиши, мотуридий ақидаси, ҳанафий мазҳаби ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлиши ва ўз фаолиятида буларни маҳкам тутиши, Қуръони каримни тажвид билан ўқий олиши жуда ҳам зарур.
  • отинойилар ўзбек халқи, айниқса, ёшлар ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишни, дунёда кечаётган ўзгаришлар, юз бераётган нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушуниб, халққа тўғри етказа олишлари лозим.
  • аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, ҳанафий мазҳаби таълимотига зид бўлган ҳолатларга қарши туриш зарур. Хусусан, хотин-қизлар орасида учрайдиган фолбинга бориш каби бидъат-хурофотларга барҳам бериш йўлида отинойилар тинмай ташвиқот ишларини олиб боришлари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
  • аҳоли орасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб боришда масжидлардаги имом-хатибларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги отинойи­лар имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари сифатида ана шу имом-хатиблар билан ҳар бир ишни маслаҳатлашган ҳолда ҳамжиҳатликда  фаолият олиб боришлари керак.
  • мана шундай ишларни тўғри адо этишда отинойиларга Диний идора Фатво бўлими томонидан эълон қилинадиган жума тезислари жуда ҳам қўл келади. Ҳар ҳафталик жума мавъизаларини аввал ўзлари тўғри ўзлаштириб, кейин аёл-қизларга етказсалар, жуда ҳам тўғри ва мақсадга мувофиқ иш бўлади.

"Отинойилар юқорида айтилган талабларга жавоб бера олсалар, турли бидъат ва хурофотлардан халқимиз ва ёшларимиз онгини муҳофаза этсалар, динимизнинг асл моҳиятини тўғри етказиб бера олсалар, мамлакатимиз ривожига катта ҳисса қўшган бўладилар. Энг муҳими, халқ орасида ҳурматли инсонларга айланадилар. Мен ишонаманки, муҳтарама отинойиларимизнинг иш тажрибалари, куч-қувватлари ва салоҳиятлари қўйилган вазифаларни ижро этишга етади, иншо Аллоҳ", - дейилади отинойиларга мурожаат якунида.

Янгиликлар лентаси
0