00:58 06 Март 2021
Эфир
  • RUB141.85
  • EUR12661.56
  • USD10517.12
Жамият
Ҳавола олиш
53831

Депутат Расул Кушербаев ЎзавтоМоторс компаниясининг бу йил савдо яхши бўлмаганига сабаб "ОАВда пайдо бўлган танқидий мақолалар" деган баёнотига жавоб қайтарди.

ТОШКЕНТ, 30 дек - Sputnik. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев УзавтоМоторс компаниясининг кеча эълон ыилинган баёнотига батафсил жавоб қайтарди. Қуйида депутат ўз саҳифасида ёзиб қолдирган постни тўлалигича келтирамиз. 

«ЎзавтоМоторс» масаласи бироз эътибордан четда қолганди. Аммо ўзларининг бугунги кутилмаган абсурд айбловлари билан яна эътибор марказига тушди.

Энг қизиғи, хатто давлат раҳбари томонидан ҳам фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлиги ҳуқуқидан фаол фойдаланаётгани қўллаб-қувватланаётган бир вақтда компания иши юришмагани учун уни танқид қилган фуқароларни айблаш даражасига етиб келгани.

Компания баёнотидаги асосий жиҳатлардан келиб чиқиб, бир қатор саволлар бериб ўтсак.
Уларга «ҳалоллик вакцинаси» тадбиқ этилган экан.

Савол: унда нега истеъмолчилар улар ишлаб чиқарган автомобилларнинг сифати ва айрим деталлари қўйилмай сотилаётганлигидан норози?

Экспорт кўрсаткичлари ортиб бормоқда экан.
Савол: автомобил экспорти, бутловчи ва бошқа эҳтиёт қисмлар импортидан қанчалик ортиқ, агар ортиқ бўлса?

Улар энг йирик солиқ тўловчилардан экан.
Савол: унда нима учун компания 2020 йилнинг 9 ойи давомида Солиқ кодексининг 460-моддасига асосан тўланиши керак бўлган 582,6 млрд сўм миқдоридаги 3 фоизлик йиғимни тўламай келмоқда?

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда уларга қарши «махсус буюртма» билан кимлардир бўхтон ва асоссиз хабарлар тарқатиб, мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда экан.
Савол: айнан кимлар, қандай бўхтон қилишмоқда? Бу аслида фуқароларнинг асосли танқидлари эмасми? Нега мазкур масала бўйича судга мурожаат қилинмаяпти?

Салбий хабарларнинг тарқалиши жорий йилнинг август-сентябрь ойларида компаниянинг кунлик тушумини 30-40 млрд сўмга камайтирибди ва белгиланган режа 562 млрд сўмга кам бажарилибди.
Савол: тушум камлиги пандемия даврида аҳоли тўлов қобилиятининг пасайиши, компания маҳсулотининг сифати ва нархига бўлаётган эътирозлар билан боғлиқ эмасми?

Фуқароларнинг чиқишлари Ўзбекистонда инвестиция жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, инвесторларнинг юртимизга инвестиция олиб киришида иккиланиш пайдо қилмоқда экан.
Савол: бу иккиланишлар автомобил соҳаси ўта монополлашиб, уларга катта имтиёзлар берилиб, эркин рақобат бозори йўқлигида эмасми?

150 млн евро миқдоридаги давлат аҳамиятига молик ҳамкорлик келишувини кечикишига ҳам фуқароларнинг компания ҳақида салбий хабарлар чиқариши сабаб бўлгани айтилмоқда.
Савол: бу тенг рақобат, бозор қоидалари ва замонавий бошқарув қобилияти йўқ бошқарув оқибатида ҳорижлик ҳамкорлар билан эриша олинмаётган келишувлар бўйича раҳбариятга изоҳ беришда ҳамма айбни ўз истеъмолчилик ҳуқуқи ва Конституциявий сўз эркинлигидан фойдаланаётган фуқароларга «тўнкаб», жавобгарликдан қутулиш йўли эмасми?

Компания ахборот соҳасидаги қонунларни ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талаблари бўйича жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтибди.
Савол: компания Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунларнинг талабларидан ҳам хабардорми?

Ва сўнгги савол: компаниянинг иши юришмаса айбни бағрикенг ва сабрли юрт фуқароларига тўнкаш дунёнинг яна қайси автомобил компаниялари ҳаётида кузатилган?

Яна бир масала: мен бирорта ҳориж компанияси вакилини кўрмаганман, ҳорижда чиқарилган автомобилим ҳам йўқ, агар эски «Москвич 407»ни айтмаса. Бу масалада буюртмачим фақат сайловчилар.

Асосий мавзулар