12:53 21 Апрел 2018
Эфир
Игрок ФК Краснодар и сборной Узбекистана Одил Ахмедов

Одил Аҳмедов: Наманганлик истеъдодлар Россияга ишлаганимас, ўйнагани кетиши керак

© Sputnik / Владимир Песня
Спорт
Ҳавола олиш
95341

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Одил Аҳмедов болалар футболи ҳақида ўз фикрларини билдирди

TOШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Ҳозирда Хитойнинг "Шанхай СИПГ" жамоасида тўп сураётган Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов "championat.asia" сайтига берган интервьюсида бугунги кунда олиб бораётган ишлари ва фаолиятида дуч келаётган тўсиқлар ҳақида маълум қилди.

"Наманганда яна ёшлар футболи қайта оёққа тураётганини эшитаётган жуда кўплаб ҳамшаҳарларимдан нафақат наманганликлар, балки водий аҳлидан жуда кўплаб хатлар оляпман. "Навбаҳор"га сайланган янги президент Шавкатжон Абдураззоқовни клуб ўринбосарлари учун алоҳида шароит яратиб берганини эшитиб хурсанд бўлдим. Чунки бу бизнинг ишимизни енгиллаштиради, спорт коллежидан яхши болаларни етиштириб бериб турсак, ўринбосарлар таркиби орқали ё уни бош жамоага ёки четга чиқариш билан шуғулланамиз. Шунинг учун ҳам ўринбосарларга бўлган эътибор жуда муҳим. То жамоа ўз ўринбосарларига жиддий эътибор қаратмас экан, четдан келган футболчилар ҳозир жамоани эмас, ўзини ўйлайдиган бўлиб қолган. Тез кунларда хорижлик ҳамкорларимиз билан мураббийлар малакасини ошириш борасида иш бошлаймиз", — деди Одил Аҳмедов.

Одил Аҳмедов ёшларга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

"Мана "Неймар"ни олайлик (Аҳмад Мамадалиев, 1997 йилда таваллуд топган) нонвой бола, кечалари нон ёпиб чиқади кейин машғулотга келади. Оилавий ҳолати бундай бўлиб турса, бола қандай ўсади? Йованович нега йўқолиб қолди? Ёки "Навбаҳор" унга машғулот майдоними? Йил бошида ўйнай олмай, охирида гол урадиган. Урган голлари ҳам ғалаба келтирмаган. Бундай дурангларни маҳаллий футболчилар билан ҳам қўлга киритса бўлади. Битта ёш ўйинчини қўйиб, 10та ўйинга имконият беринг, у ҳам 11-турдан уришни бошлайди. Гапирса гап кўп!

Азизбек Турғунбоев-чи? Ўтган йили Россияга кетишга тайёр турганди бу бола. Оилавий шароитидан келиб чиқиб. 2016 йил унга эътибор бўлмади, бу йил ҳам кетказишаётганди. Чунки фамилияси йўқ-да. Нимадир бўлди-ю, битта ўйиндан кейин қолди. Мана ҳозир асосий таркиб футболчиси. Наманганлик истеъдодлар Россияга ишлагани эмас, ўйнагани кетиши керак! Мана шу фалсафани илгари суришимиз керак", деди Аҳмедов.

Унинг айтишича, бу борадаги ишларига тўсиқлар бўлмоқда.

"Муаммо шундаки, шунча қилинган ишларга тўсиқлар бўлаяпти. Агар Намангандаги коллеж ва лицейни қайта оёққа тургизмасак, ўринбосарлар сафига бола қаердан келади? Ўринбосарларда футболчи бўлмаса, асосий таркибга ким келади? Яқин кунларда Наманганда иккита катта сунъий майдон қурилиши бошланади. Уни кўчадан келган кишиларга пул ишлаш учун қилмаяпман. Шу ёшлар учун жой бўлсин дейман. Шуни ҳам гапириб юрганлар ва иш бошлашимизга қаршилик қилаётганлар бўляпти.

Водий Чемпионлар лигаси ҳам ўз-ўзидан келмаган ғоя. Коллеж ва лицейга яхши футболчиларни саралаб олайлик деяпмиз. Рауф Инилеев ҳам текинга ишламаса керак, унга ҳам маошни ўзимиз берамиз. Мутахассисларни Италия ва "Краснодар" академиясига юборишни режа қилиб турибман. Коллеж ва лицейдаги барча мураббийларни қайта кўриб чиқиб, маъқулини олиб қолиш ва улар билан замонавий фикрлашимиз керак. Рауф Инилеев уларга масъул бўлади ва биз татбиқ этадиган методиканинг ишлаш жараёнини назорат қилади. Инвентарлар яхши бўлсин, болаларда тўп билан муаммо бўлмасин. Ҳаммасини аъло ҳолатда қилишни ўйлаб қўйганмиз, лекин қаршилик бундай давом этадиган бўлса, мен қандай ишлайман, лойиҳани Тошкентга кўчираманми ёки Фарғонагами? Илтимос, менга қаршилик қилманг, бировдан пул сўраётганим йўқ-ку!", дея фикр билдирди Ўзбекистон терма жамоаси сардори.

Сайтнинг маълум қилишича, шу йилнинг сентябрь ойидан болалар ўртасида Водий Чемпионлар лигаси лойиҳаси старт олиши кутиляпти. Лойиҳа Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол федерацияси, "Championat.asia", "Best Sport Media", Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари футбол федерациялари билан ҳамкорликда ташкил қилинади.

Бу йилги Водий Чемпионлар лигасида 10та жамоа 18та турдан иборат икки даврали мусобақада қатнашади. Давралар оралиғида "Водий Кубоги" бўлиб ўтади. ВЧЛ якунида эса, ВЧЛ ғолиби ва Кубок соҳиби ўртасида Суперкубок бўлади.

2018 йилдан эътиборан ВЧЛ 16та жамоани ўз ичига қамрайди ва унда 2005 йил тарбияланувчиларидан ташқари, 2006 йилда таваллуд топган футболчилар ҳам ўз юришларини бошлайдилар. Шу тариқа 2021 йилга келиб ВЧЛ 5та ёш тоифасида водий лигасига эга бўлади.

ВЧЛга Одил Аҳмедов ҳомийлик қилади. Мусобақада Рауф Инилеев селекционер мураббий сифатида фаолият олиб боради.

Мусобақада ўзини кўрсатган ёш истеъдод эгаси Европа талабларига жавоб берса, уни Европа клубларига жойлаш ишлари олиб борилади. Бу борада Испания ва Италиядаги ҳамкорларнинг хизматидан фойдаланилади.

Асосий мавзулар