01:06 19 Июл 2018
Эфир
  • RUB124.54
  • EUR9100.06
  • USD7787.81
Главный судья во время футбольного матча

"Бухоро" футбол клуби 300 млн сўм жарима тўлайдиган бўлди

© Sputnik / Александр Вильф
Спорт
Ҳавола олиш
89120

"Бухоро" клуби сардори Шавкат Саломов эса 10 миллион сўм жаримага тортилди

ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Ўзбекистон Футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитаси "Бухоро" клубини 300 миллион сўм жаримага тортишга қарор қилди. Бу ҳақда ассоциация матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган "Бухоро" ва "Пахтакор" клублари ўртасидаги учрашув инспекторининг билдиргисига асосан ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Билдирилишича, "Бухоро" — "Пахтакор" ўйини учун стадионга ташриф буюрган мухлислар аввалига учрашувни бошқариб бораётган ҳакамни, кейинроқ эса "Пахтакор" футбол клубини ҳақоратли сўзлар билан оммавий равишда ерга урди, деб ёзилади ПФЛ инспекторининг билдиргисида. Унда айнан қайси дақиқалар ҳақида сўз кетаётгани ҳам кўрсатилган. Жумладан, 20, 26 ва 55-дақиқаларда ишқибозлар учрашув ҳакамини, 40 ҳамда 56-дақиқаларда эса рақиб жамоани ҳақоратлашдан тийилмаган.

Мазкур ҳолат мусобақаларни ўтказиш регламентининг 4-бўлим 5.55-бандига зиддир. Унга кўра, стадионга ташриф буюрган мухлисларнинг ҳақоратли ва камситиш устига қурилган сўзларни айтишига чеклов қўйилган бўлиб, жазо сифатида келаси турнинг мухлисларсиз стадионда ўтиши мумкинлиги, жамоадан 3 очко олиб ташланиши мумкинлиги, клубнинг мусобақадан чиқариб юборилиши ёки 500 миллион сўмгача жаримага тортилиши эҳтимоли борлиги кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, "Бухоро" — "Пахтакор" ўйинининг 36-дақиқасида мезбонлар вакили Шавкат Саломов бош ҳакам Темур Тўхтасиновнинг қарорига қаршилик кўрсатишга уринган. Бунда футболчи оғзаки қаршилик билан чекланмай, ҳакамнинг қўлини ҳам ушлаб олган. Шундан келиб чиқиб, Шавкат Саломов регламентнинг 5.6 бандига асосан айбдор деб топилди ва 10 миллион сўм жаримага тортилди. Мазкур ҳолатни ўз вақтида жазоламаган ҳакам Темур Тўхтасинов эса Суперлиганинг 6 ва 7-тур ўйинларига, шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг 1/16 финал ўйинларига қўйилмайди. Бу вақт давомида у фақатгина Про-Лига беллашувларини бошқариши мумкин.

Тартиб-интизом қўмитаси Суперлига ва Про-Лига футболчиларига футбол ҳакамлари билан мулоқотга фақатгина жамоа сардорлари киришиши мумкинлигини, аммо уларга кескин қаршилик кўрсатиш, уларга халал бериш мумкин эмаслигини эслатиб ўтган.

ПФЛнинг билдиришича, Шавкат Саломов "Бухоро" футбол клубининг сардори, бироқ келаси сафар у футбол ҳакамларига тегингудек бўлса, жазо чоралари бундан жиддийроқ бўлади.

Агар "Бухоро" футбол клуби раҳбарияти ўз фан-клуби ва мухлислари билан ишламаса, улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормаса ва оқибатда шунга ўхшаш хунук ҳолатлар такрорлангудек бўлса, жазо чоралари янада жиддийроқ бўлади. Бу борада "Бухоро" клуби алоҳида, шунингдек, Суперлига ҳамда Про-Лиганинг қолган клублари ҳам "Бухоро" мисолида яна бир марта ёзма равишда огоҳлантирилади.

Асосий мавзулар