00:43 18 Декабр 2018
Эфир
  • RUB125.22
  • EUR9456.46
  • USD8312.64
Главный тренер сборной Узбекистана Эктор Купер

“Ўйлайманки, биз ҳозир тўғри йўлдамиз”: Эктор Купер Осиё кубогини қўлга киритмоқчи

© Sputnik / Рамиз Бахтияров
Спорт
Ҳавола олиш
493 0 0

Ўртоқлик учрашувларида мағлуб бўлганига қарамай, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер оптимистик руҳда ва Осиё кубогига ғалаба қозониш ниятида.

ТОШКЕНТ, 7 дек - Sputnik. Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер матбуот анжуманида Осиё кубоги -2019 тайёргарлик жараёни ва бўлиб ўтган йиғинлар хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Миллий терма жамоа мураббийи Ливанга қарши ўринда 0:0 ва Жанубий Кореяга қарши сўнгги ўртоқлик ўйинида 0:4 ҳисобга эришилган натижалар мухлисларни қаттиқ тушкунликка туширмаслик кераклиги таъкидлади.

“Австралияда ўтказган йиғинимизда бўлиб ўтган учрашувлардаги натижалар ижобий бўлмаганини таъкидлай оламан. Лекин ўртоқлик ўйинлари ва йиғинлар мавжуд муаммоларни кўриб, билиб олиш учун яхши имконият ҳисобланади. Секин-аста мана шу камчиликларни бартараф этган ҳолда Осиё кубогига яхши ҳозирлик олиб боришга уринамиз. Осиё кубогидан умидларимиз катта. Мақсадимиз қитъанинг бош мусобақасида ғалаба қозониш”, - дейди бош мураббий.

Ҳар қандай ўртоқлик ўйини ёки расмий учрашувга бир хил ёндашаман. Лекин ўртоқлик ўйинларининг яхши жиҳати шундаки, ўзингизда мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, янги тактикаларни синаб кўриш мумкин. Балки менинг ўйин услубим кимгадир ёқмаётган бўлиши мумкин. Агар ўзим хато қилганимга амин бўлсам, ўз услубимни ўзгартиришим ҳам мумкин. Мен буни тўғри қабул қиламан, деб қўшимча қилди у.

Осиё кубогига таркиб танлашда урғу фақатгина ноябрда бўлиб ўтган йиғинда қатнашган футболчиларга қаратилмайди. Мухлислар Осиё кубогига борадиган таркибда умуман янги номларни кўришлари ҳам мумкин бўлади.

“Асосийси мухлислар учун қайд этиладиган натижа муҳим. Биз ҳам мавжуд таркибдан келиб чиққан ҳолда, зарур тактик услубда ўз ўйинимизни шакллантирамиз. Энг муҳими - ўйинимизда мувозанат бўлса бўлгани. Ўйинчилар мен талаб қилаётган жиҳатларни бажаришга қодир. Уларнинг маҳорати менинг талабларимни бажаришга етишига кўзим етаяпти. Агар менинг талабларим йигитларга мос келмаса, мен ўз талабларимни ўзгартиришим ҳам мумкун. Мен ҳеч қачон ўз талабларимда қаттиқ туриб олмайман, агар зарур бўлса уни йигитларга мослаштиришим ҳам мумкин”, - дея фикрларини билдирди Эктор Купер.

Бош мураббий оптимистик руҳда эканлиги ва Осиё кубогига ғалаба қозониш ниятида йўл олганини қўшимча қилди.

“Баъзан мағлубиятлардан сўнг ҳаммада кайфият тушиб кетади. Лекин мен мураббийлик фаолиятим давомида бунақа вазиятларни кўп кўрганман. Идеал жамоа бўлиш қийин.  Насиб қилса, ҳали олдинда яхши ўйинлар ва чиройли ғалабаларга гувоҳ бўламиз”, -деб таъкидлади Купер.

Эслатиб ўтамиз, Осиё Кубоги Бирлашган Араб Амирликларида келаси йил 5 январдан 1 февралигача бўлиб ўтади. Ўзбекиситон терма жамоаси F гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон билан майдонга тушади.

Асосий мавзулар