14:08 12 Декабр 2019
Эфир
  • RUB149.88
  • EUR10545.67
  • USD9537.55
Сборная Узбекистана инвалидов-ампутантов по футболу

Ўзбек футболини машҳур қилган оёқсиз футболчилар муаммолари - Кариев билан сўнгги интервью

Министерство спорта Узбекистана
Спорт
Ҳавола олиш
123260

Ампутант-футболчиларни бир неча маротаба жаҳон чемпионлигига чиқарган мураббий Рустам Кариев бугун, 2 декабр куни оламдан ўтди. "Sputnik Ўзбекистон" мухбири шу кунларда тренер билан суҳбатда бўлган эди.

"Ўзбекистон футболчилари Жаҳон чемпиони бўлди!". Бу ерда гап қўл-оёқлари бус-бутун, соғлом футболчилар ҳақида эмас, балки, матонати ва жасурлигига хавас қилса арзийдиган ампутант-футболчилар ҳақида бормоқда. Ва бу воқеа футбол фанатлари тушида эмас, 2019-йилда, яъни шу кечаю-кундузда рўй берган.

Интервьюни эълон қилиш арафасида ампутант-футболчиларни бир неча маротаба жаҳон чемпионлигига олиб чиққан мураббий Рустам Кариев бугун, 2 декабр куни, оламдан ўтгани ҳақида қайғули хабар етиб келди.

Рустам Кариев Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган энг сўнгги интервьюсида ампутант-футболчилар ғалабалари билан бир қаторда, улар чекаётган заҳматлар ҳақида очиқ гапирган эди.

- Рустам ака, жамоа ҳақида сўзлаб беринг. Қаерда машғулот ўтказасизлар? Ким сизларга молиявий кўмак беради?

— Йигитлар ҳафтасига уч маротаба Футбол федерацияси майдонида машқ қилишади. Қолган кунлари бари ўз шахсий ишлари лан банд. Бизда ойлик йўқ, ҳомийлар йўқ. Айниқса, охирги икки йилдан буён ҳомий излаб оворамиз. Сабаби, давлат томонидан буйруқ чиққан, аммо ҳамма корхоналар негадир соғлом спортчиларга ҳомийлик қиляпти. Бизга эътибор беришмайди. 2018-йилгача 4 йил давомида ҳомийлик қилган бир компания борган эдим, "Кечирасиз, аёллар волейбол терма жамоасини бириктириб қўйишди. Ҳомийлик қилишдан ташқари, уларга маош ҳам тўлаймиз. Шунинг учун сизларга ёрдам беролмаймиз", деди.

Ҳомий топилмаганидан охирги маротаба Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига бора олмадик. Сочида бўлиб ўтган Халқаро турнирга борганимизда, йўлкирага Спорт вазирлиги, овқат пули ва меҳмонхона учун Футбол федерацияси маблағ ажратишди. Ўшанда ҳам мендан нечанчи ўринни олиб келишимизни ёзишимни талаб қилишди. Майдон катта, копток кичкина бўлса, кимнинг омади юришади? Йўқ, ёзинг, дейишди. Учинчи ўринни олиб келамиз, деб ёздим. Худога шукр, Халқаро турнирдан биринчи ўринни олиб келдик.

—  Охирги эришилган ғалабадан сўнг жамоа рағбатлантирилдими? Ахир Ўзбекистонда Чемпионлар тантана билан кутиб олинади, уларга совға-саломлар берилади?

— Оғзаки табриклашди тамом! Ўн беш киши бориб, 1- ўринни қўлга киритиб келдик. Ўшанда спорт вазирлиги спорт сумкалари, формалар сотиб олган эди. Ундан бизнинг футболчи йигитларга ҳам беринг дедим, индашмади. Майли, борганларга берамиз, қайта хат ёзинг, дейишди. Бунга ҳам бир ойдан ошди, ҳали олганимиз йўқ... (Спорт вазирлиги бугун, 2 декабр куни, ампутант-футболчиларга формалар берилгани ҳақида маълум қилди.)

—  Жамоани муносиб тақдирлаш масаласида тегишли мутасаддиларга мурожаат қилиб кўрмадингизми?

—  Порталга уч маротаба хат ёздим. Қандай шикоятингиз бор, деб сўрашди. Шикоят эмас, саволим бор, айтингчи, жамоани нечи карра жаҳон чемпионатига чиқариб, чемпион қилсам, улар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар унвонига сазовор бўлишади? "Хизмат кўрсатган спорт устаси", деган ном учун яна неча карра жаҳон чемпиони бўлишлари керак?, дедим. "Қаерга мурожаат қилдингиз бу ҳақда?", деб сўрашди. Санадим: Футбол федерациясига, Давлат спорт қўмитасига, Олимпия қўмитасига... "Яхши, сизнинг мурожаатингиз рўйхатга олинди, икки ҳафта ичида жавоб оласиз", дейишди.  Бир ҳафтадан сўнг Давлат спорт қўмитаси мени чақириб, "Нега порталга телефон қиласиз, бизга учрашмасдан?" дейишди. Неча марта учрашишим керак, нечта хат ёзишим керак?

Сборная Узбекистана инвалидов-ампутантов по футболу
Sputnik
Сборная Узбекистана инвалидов-ампутантов по футболу

...Сиз ФИФАга кирмайсиз, шунинг учун сизларга бундай унвон бермайдилар, дейишади. ФИФАга "Хизмат кўрсатган спорт устаси" унвонининг нима алоқаси бор? Олти нафар ўйинчим Туркияга бориб, улар чемпионатида ўйнайди. Лекин Халқаро турнир, жаҳон чемпионати ўтказилса, Ўзбекистон учун майдонга тушади. Турклар яхши маош тўлайди, ётоғи, овқатини текинга беради. Омади келса, ўйнайверсин, оиласига пул ишлаб келади.

— Демак жамоанинг қолган аъзолари моддий аҳволи қониқарли даражада эмас, шундайми?

— Ҳар ким ўзи... Кимдир кира қилади, яна кимдир бошқа ишда. Терма жамоа аъзолари ўз имкониятларидан келиб чиқиб, бари ўз иши билан оввора. Шу боис  мунтазам майдонга келиб, машқ қилишга уларнинг имконияти йўқ, ҳафтасига уч маротаба икки икки ярим саотга машқ учун кела олишади, тамом. Лекин шукрки, уларнинг бари маълумотли, орасида ёш болалар ҳам бор. 11 ёшдан ўн олти ёшгача бўлганлари мактабда ўқийди. 16 ёшдан кейин уларни асосий командага қўшамиз.

Сборная Узбекистана инвалидов-ампутантов по футболу
Sputnik
Сборная Узбекистана инвалидов-ампутантов по футболу

Энг асосий бизга ҳомий бўлса, қолган вазифаларни ўзимиз эплай оламиз. Давлат  томонидан клуб аъзолари эътироф этилиб,  хизмат кўрсатган унвонини олса, бу ҳам  катта ёрдам. Маошнику, гапирмасак ҳам бўлар... 

—  Ҳафтасига атиги уч маротаба икки соатдан машқ қилаётганликлари наҳотки муваффақият учун етарли бўлса?

— Етарлими, етарли эмасми, оилани ҳам боқиш керак ахир. Катта раҳмат, вақтини топиб, машғулотларга келишаётганлиги учун. Катта мусобақаларга - жаҳон чемпионатига кетишдан аввал, ҳар гал Федерацияга, вазирликка хат ёзаман, илтимос қиламан, ҳеч бўлмаса бир ҳафталик "сбор" ўтказдираман. Болаларни бир ҳафта давомида ҳар куни машқ қилдириб кейин олиб кетаман.

— Жамоа аъзоларини ўйинда ғалаба қозонишга йўналтирадиган психологлар билан ҳамкорлигингиз борми?

— Йўқ. Жамоадаги ҳар бир йигитни биринчи келган кунидан биламан. Агар психолог ёрдами керак бўладиган бўлса жамоамизнинг бирор аъзосига, мен дарҳол шу иш билан шуғулланаман. Масалан, машғулотлар вақтида йигитлар унга қарата копток тепаверишгани учун, бир дарвозабонимиз, копток келса, унга орқа ўгириб туриб оладиган бўлиб қолган эди. Психологдан шу йигит билан бир оз ишлашини илтимос қилгандим, вазият ўзгарди. Сўнг Аргентинада бўлиб ўтган ўйинда, у чемпионатнинг энг яхши дарвозабони деган эътирофга сазовор бўлди.

— Клубнинг яратилиш тарихи ҳақида тўхталиб ўтсангиз...

— Клубимизга 1988 йилнинг декабр ойида асос солинган. Ампутантлар футболи командаси аслида АҚШлик Билл Берри томонидан тузилган. Унинг ўғли ҳам ногирон бўлган. У 1988 йилда Москвага ампутант-футболчилар командасини тузиш учун келган ва йўл-йўлакай Тошкентга ҳам ташриф буюрган. Команда тузиш ҳақида гапириши билан зудлик билан Афғонистонда хизмат қилиб, ногирон бўлиб қолган йигитларни тўплаганмиз. Билл деярли бир ой давомида шу йигитларга копток тепишни ўргатди. Уларга ҳассаларни Америкага буюртма бериб, келтирди. Унга Тошкент ёқиб қолди. Энди бўлса, ўзи бизга ҳар гал ютқизиб, "йиғлаб ўтирибди". Команда билан ютмаган кубогимиз қолмади. Номимиз эса улуғ, киссамиз қуруқ...

Сборная Узбекистана инвалидов-ампутантов по футболу
Министерство спорта Узбекистана
Сборная Узбекистана инвалидов-ампутантов по футболу

Маълумот учун: Рустам Кариев 1951 йил 15 январда Сурхондарё вилоятида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, ҳарбий сифатида фаолият олиб борган ва капитан даражасигача кўтарилган.

1988 йилда эса Афғонистондаги жангларда жароҳатланиб, ногирон бўлиб қайтган собиқ ҳарбийлардан иборат “Матонат” ногирон-ампутантлар жамоасини тузади. 1998 йилда жамоанинг номи “Байналминал”га ўзгартирилди.

Шу вақт давомида “Байналминал” жамоаси 11 карра Россия очиқ чемпионати ғолиби, кўп бора “Рождество кубоги”, икки карра МДҲ кубоги соҳибига айланган. Бундан ташқари, асосини “Байналминал” жамоаси аъзолари ташкил этган Ўзбекистон терма жамоаси 4 карра жаҳон чемпионати ғолиблигини қўлга киритади.

Рустам Кариевнинг мамлакатда ногирон-ампутантлар спортини ривожлантириш йўлидаги хизматлари Ўзбекистон томонидан муносиб рағбатлантирилган ҳолда, у "Дўстлик" ордени ва қатор юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Асосий мавзулар