Турк нашри Ўзбекистоннинг саййёҳлик салоҳияти ҳақида сўзлади

Oбуна бўлиш
Туркияда нашр этиладиган "Гундем Аврасия" ижтимоий-сиёсий журналида "Ўзбекистон мафтункор меъморий обидалар ва бой маданий меросга эга бўлган мамлакат" сарлавҳали мақола босилиб чиқди, унда мамлакат сайёҳлик салоҳияти ҳамда мустақиллик йилларида бу жабҳани ривожлантириш юзасидан ҳаётга тадбиқ этилган чора-тадбирлар атрофлича қаламга олинган

ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Мақолада республикамизда сайёҳлик индустриясини модернизациялаш, тармоқнинг барқарор ривожланиши учун меъёрий-ҳуқуқий заминни ҳамда ўлкамизга келаётган хорижлик саёҳатчиларга халқаро андозалар даражасида хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилган, деб хабар қилади "Жаҳон" АА.

“Ўзбектуризм” сайёҳликни ривожлантиришга доир ҳудудлар рўйхатини тузди
"Мамлакатда замонавий ва рақобатбардош сайёҳлик мажмуини яратиш мақсадида мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий замин яратилган. "Сайёҳлик тўғрисида"ги қонун унинг асосини ташкил этади. Ўзбекистонда инфратузилмани такомиллаштириш, хориж сармоясини жалб этиш, тармоқни диверсификация қилиш ва соҳа мутахассислари малакасини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган дастурлар амалга оширилмоқда. 1992-йили Президент Ислом Каримовнинг "Ўзбектуризм" Миллий компаниясини тузиш ҳақидаги Фармони сайёҳликнинг миллий моделини шакллантириш борасидаги муҳим қадам бўлган эди", деб ёзади нашр.

Сайёҳлик йўналишида кенга қамровли ишлар амалга оширилаётгани туфайли Ўзбекистонга келадиган чет эллик саёҳатчилар сони сезиларли даражада ошгани, бугунги кунда уларнинг сони йилига 2 миллиондан зиёдни ташкил этаётгани ҳам ўқувчиларга маълум қилинган.

"1176 сайёҳлик ташкилоти, жумладан, 621 туроператор, 555 меҳмонхона хўжалиги саёҳатчиларга хизмат кўрсатмоқда. 25 мингдан зиёд саёҳатчига мўлжалланган меҳмонхона тармоғи замонавий халқаро талабларга жавоб беради. Республикада халқаро мақомга эга бўлган 11 та аэропорт фаолият кўрсатмоқда, Европа, Осиё ва Америкадаги 40 дан зиёд мамлакат билан мунтазам ҳаво қатновлари йўлга қўйилган. Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар учун темир йўл транспорти воситасида ҳам республиканинг диққатга сазовор жойларига бориш имконияти мавжуд. 2016-йил июн ойида ишга тушган "Ангрен — Поп" электрлаштирилган темий йўли гўзал табиатга эга бўлган Фарғона водийсини мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайди”, деб ёзади журнал.

Нашр Ўзбекистонда сайёҳликнинг янги турлари тобора равнақ топиб бораётганига ҳам алоҳида эътибор қаратган.

Туяқуш фермасида - Sputnik Ўзбекистон
Бухородаги туяқуш фермаси экотуризм ҳудудига айлантирилиши мумкин
Жумладан, мақолада ўлкадаги экологик туризм ривожланишига юқори баҳо берилган. Алоҳида таъкидланганидек, мамлакатдаги қўриқхоналар, миллий хиёбонлар ва сайёҳларнинг эътиборини ўзига тортадиган бошқа табиий ўзига хосликларнинг кўплиги Ўзбекистонда экотуризмнинг истиқболли йўналишлар қаторига киришига сабаб бўлмоқда.

"Гундем Аврасия" Ўзбекистонда сайёҳлик жабҳасининг изчил ўсиб бораётганини эътироф этар экан, бунда соҳа кадрларини тайёрлашга катта эътибор қаратилаётгани ҳам муҳим омиллардан бири бўлаётганини қайд этган.

"Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган бешта олий ўқув юртида сайёҳлик соҳаси мутахассислари тайёрланмоқда. Улар Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Тошкент шаҳарларида жойлашган. Бундан ташқари, республика пойтахтида Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ҳар йили Ўзбекистонда "сайёҳлик" мутахассислиги бўйича олий таълим олган 500 нафар талаба бакалавр ва магистр дипломларининг эгалари бўлишади. Мамлакатдаги 12 та ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари йилига 3,5 мингдан зиёд сайёҳлик соҳаси мутахассисларини тайёрламоқда", деб ёзади журнал.

Юқоридагилар билан бирга, нашр республиканинг Хива ва Самарқанд шаҳарлари бағрида жойлашган қатор тарихий ёдгорликлар ҳақидаги маълумотларни ҳам ўз ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилган.

Янгиликлар лентаси
0