Ўзбекистонга Люксембургдан кўплаб сайёҳлар келиши мумкин

Oбуна бўлиш
"SIEL VOYAGES" сайёҳлик компанияси директори Бруно Де Грииф Ўзбекистонга борадиган сайёҳлар гуруҳлари янада кўпайишини айтди

ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Люксембургда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва улкан сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" газетаси хабар бермоқда. Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги дипломатия ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Хабарда билдирилишича, тақдимот қатнашчилари Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши ва сайёҳлик соҳасидаги улкан имкониятлари, ўзбек халқининг тарихи, маданияти, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Тошкент сингари кўҳна шаҳарлар бағрида жойлашган меъморий ёдгорликлар ҳақидаги маълумотлар билан яқиндан танишдилар.

Соҳа мутахассислари амалий алоқаларни йўлга қўйишлари учун тақдимот маросими доирасида ўзбекистонлик ва люксембурглик туроператорларнинг В2В (business-to-business) шаклидаги учрашувлари ҳам ўтказилди.

Пой-Калон, Бухоро - Sputnik Ўзбекистон
Европа туристлари орасида Ўзбекистонга талаб 2-3 баравар ошди

"SIEL VOYAGES" сайёҳлик компанияси директори Бруно Де Грииф ўзбекистонлик ҳамкорлар билан келишувлар натижа беришига умид билдирди ва Ўзбекистонга борадиган сайёҳлар гуруҳлари янада кўпайишини айтди.

"Ўзбекистон бўйлаб сайёҳлик йил сайин оммалашиб бормоқда. Бунга кўп жиҳатдан мамлакатнинг меҳмонхона, транспорт инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳар томонлама ривожлантиришга йўналтирилган сиёсати муҳим омил бўлмоқда. Ўзбек халқининг очиқкўнгил ва меҳмондўстлиги, нафис ва маҳобатли диққатга сазовор масканлари, бой маданий мероси борган сари европалик сайёҳларни ўзига оҳанрабодек жалб этмоқда.

Биз бугун ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан эришилган келишувлар яхши натижалар беришига умид қиламиз. Бундан кейин ҳам Европа бозорида мамлакатингиз брендини илгари сурамиз ва юртингизга янада кўпроқ сайёҳлар гуруҳларини юборамиз", — деди у.

Анжуманда Ўзбекистон бўйлаб бепул саёҳат лотереяси ҳам ўйналди. Меҳмонлар ўзбек миллий ошхонаси неъматларидан татиб кўрдилар.

Янгиликлар лентаси
0