Йўл бўйидаги карвонсарой, тирбанд божхона ёхуд Москвадан Бухорога саёҳат

© Sputnik / Антон КурилкинАвтомобили на трассе
Автомобили на трассе - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Рус йўллари, чўлдаги намоз, чойхонадаги нонушта ва нейтрал ҳудуддаги тун —Sputnik мухбирининг Москвадан Бухорога қилган саёҳатидан биринчи репортаж

Антон Курилкин

Бухорогача бўлган уч ярим минг километрли йўлимиз кечқурун Москва вилоятининг Химкисидан бошланди. Умумий ҳисобда саёҳат саккиз кун давом этди ва Самарқанд аэропортида якунланди.

Барча ҳамроҳларим ўзбеклар – рулда Баҳодир, орқа ўриндиққа Қудрат ва Улуғбек жойлашишди.

Йўлда ухлаб қолмаслик учун ўзбекча қўшиқлар ёзилган дискни қўйиб олдик ва хаёлан Бухорога саёҳат қилдик.

Мусиқа автомобилда саёҳат қилаётган пайтингда зериктирмайдиган камдан-кам нарсалардан бири: мусиқадан ташқари табиатни томоша қилиш ёки суҳбатлашиб кетиш мумкин холос.

Тун бўйи бир неча юз километр йўл юрдик ва эрталаб олтида "Змей Горыныч" мажмуасида тўхтадик.

Славянча ном берилган бу мажмуада чойхона, ёқилғи қуйиш шохобчаси, мотель, ҳатто ҳаммом жойлашган. Бу ерни ўзимизники деб атаса ҳам бўлади – деярли барча машиналар Ўзбекистонники. Нукус, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона водийсилик кишиларни учратиш мумкин. Менюда ҳам фақат анъанавий таомлар: лағмон, шўрва, манти ва албатта палов.

© Sputnik / Антон КурилкинТрасса
Автомобили на трассе - Sputnik Ўзбекистон
Трасса

Нонуштадан сўнг Баҳодир машинага ёқилғи қуйгунча Улуғбек билан суҳбатлашдик. У анчадан буён Бухородаги қишлоғига автобус ва машиналарда бориб-келаркан.

"Ҳозир йўл анча яхши бўлиб қолди – Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам икки йилча олдин йўлларни ремонт қилишди. Олдинлари камида ўн кун юрган бўлсак, ҳозир беш кунда етиб бориш мумкин", — дейди у.

Машинамиз келди ва Мордовия ҳудуди бўйлаб йўлга тушдик.

Далалар ўрнини қадимий ўрмон эгаллайди. Цивилизация борлиги ҳақида фақатгина йўлдаги кўрсаткичлар эслатиб туради. Бир соат йўл юрганимиздан кейингина биринчи қишлоққа дуч келдик. Йўл қишлоқ орқали ўтади ва бу ердаги аҳоли шунинг орқасидан тирикчилик қилади – йўлнинг икки четида ўнлаб тамаддихоналар бўлиб, улар орасида товуқ ва эчкилар югуриб юради.

Кафеларнинг номлари ҳам антиқа: "Светлана", "Арарат", "Лариса", "Ереван", "Ёқимтой хонимлар ҳузурида", "Арбат".

© Sputnik / Антон КурилкинМордовиядаги кунгабоқар даласи
Поле подсолнухов вдоль трассы в Мордовии - Sputnik Ўзбекистон
Мордовиядаги кунгабоқар даласи

Ниҳоят ўрмондан чиқамиз – йўл бўйлаб кунгабоқар далалари кўзга ташланади, қишлоқлар кўпаяди, уларнинг номлари эса янада қизиқ. Париж Коммунаси, Рамзай ва Николо-Райскоедан ўтамиз, Татарский Канадей орқали Николаевкага кириб борамиз.

Шаҳарчага кираверишда ғаройиб ёдгорлик бор – "Тинчликни севамиз, лекин Ватанни хафа қилдириб қўймаймиз" деган ёзув туширилган советларнинг Т-64 танки ўрнатилган. Чиқаверишда ҳам шунга ўхшаш ёдгорлик — автосервис ёнидаги майдончада ҳаво-десант қўшинлари байроғи ўрнатилган бронемашина турибди.

Ҳаво иссиқ, ҳамроҳларим эса бу шунчаки илиқ ҳаво эканлигини, ҳақиқий жазирама эса Қорақалпоғистонда бўлишини айтиб устимдан кулишади.

Бу вақтда ўрмон ва далалар орасидан Волга дарёси кўзга ташланади, у ўртача катталикдаги дарёга ўхшаб кўринади. Россиянинг энг асосий сув томири қай даражада йирик эканлигини Жигулевск ва Тольятти ўртасидаги икки километрли кўприк устида баҳолаш мумкин: биз гўзал ва виқорли Волгадан бир неча дақиқа кўз узолмай қолдик.

© Sputnik / Антон КурилкинВолга дарёси манзараси
Вид на Волгу с моста между Жигулевском и Тольятти - Sputnik Ўзбекистон
Волга дарёси манзараси

Кўприкдан тушаётиб янги Ravon автомобилларини олиб кетаётган трейлерга кўзимиз тушди. Суҳбат шу заҳоти машиналар мавзусига бурилди. Гап билан бўлиб Самарадан қандай ўтганимизни сезмай ҳам қолибмиз.

Қозоғистон чегарасига икки юз километр қолади. Чегара назоратидан ўтишдан олдин дам олишга тўхтадик. Тўхтаган жойимиз қадимий карвонсаройларни эслатади — меҳмонхоналар, чўмилиш хоналари, чодирлар ва ресторанлар аралашмасидан иборат мажмуа.

Автотураргоҳ ва йўл бўйида турли мамлакатларнинг машиналари қалашиб кетган. Энг кўпи Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистонники. Россиялик ҳайдовчиларнинг мини колоннаси ёнига Туркманистон фураси келиб тўхтади. Бизнинг машинамиз ёнидан Латвиядан келган енгил машина жойлашди, нарироқда эса польшалик мотоциклчилар туришибди. Уларга ҳамроҳлик қилаётган автомобил ҳайдовчиси эса сув ва сомса сотиладиган дўкон олдида навбатга тураётган "Москва — Душанбе" автобуси йўловчиларини қизиқиш билан кузатиб турибди.

© Sputnik / Антон КурилкинЙўл бўйидаги оққайинлар
Березы у дороги - Sputnik Ўзбекистон
Йўл бўйидаги оққайинлар

Оқшом тушганида жойимиздан силжидик – чегарагача қолган сўнгги километрларни қоронғуликда босиб ўтишга тўғри келади, узоқ-узоқларда чақмоқ чақнайди.

Россия божхонасига киришди плиталардан иборат йўлга дуч келасиз. Бу йўлдан ҳар қандай машина ҳам юравермайди. Тиркама улаган катта юк машиналари шундай силкинадики, беихтиёр машина ағдарилиб кетса қаёққа қочиш мумкин дея атрофга аланглайсиз. Енгил машиналарга янада қийин – аёл киши миниб олган Mazda шлагбаумга яқинлашар экан, машина ости ва бампери плиталарга тегиб шилиниб ўтди.

Шлагбаум ёнида турган Россия чегарачиси навбатсиз суқилиб кирган машиналарни ортига қайтаради, унинг ҳамкасби эса машиналар қатори оралаб тартибни назорат қилади.

Узоқдан муаззиннинг намозга чорлаган товуши эшитилади. Биздан олдинда турган автомобил ҳайдовчиси машинасидан тушади ва йўл бўйига жойнамозини солганча намоз ўқишга тутинади. Ён-атрофдаги йўловчи ва ҳайдовчилар эса унга халақит бермаслик учун паст овозда гапиришади.

Россия божхонасида турган каттаю кичик юк машиналарини улкан рентгенга йўналтиришади. Ҳайдовчилар сканер деб атовчи бу қурилма олдида транспорт шу даражада кўпки, уларни эрталабгача текшириб ҳам тугатиб бўлмайди, шу боис машинамизни божхоначиларнинг ўзлари текширишди.

Россия божхонасидан бир ярим соатда ўтдик, аммо Қозоғистонгача етиб боролмадик – қозоғистонлик чегаралар тинимсиз равишда ЕОИИ мамлакатлари машиналарини ўтказишади. Бизнинг автода Ўзбекистон рақами бўлгани боис нейтрал ҳудудда тунни ўтказишга мажбур бўлдик.

© Sputnik / Антон КурилкинҚозоғистон чўлидаги тонг
Утро в степи Казахстана - Sputnik Ўзбекистон
Қозоғистон чўлидаги тонг

Эрталаб еттида барча назорат жараёнларидан ўтдик ва Қозоғистон ҳудудига кирдик. Баҳодир машинага транзит суғуртасини расмийлаштиргунча биз учовлон совуқдан жунжикканча саҳро тонги манзарасини томоша қилдик. Ҳайдовчимиз қайтиб келиб машинага ўтирди ва печкани ёқди, йўлга тушдик. Саёҳатнинг биринчи суткаси ортда қолди, олдинда эса икки минг километр ва беш кунлик саёҳат турибди.

Янгиликлар лентаси
0