23:51 22 Феврал 2020
Эфир
  • RUB150.07
  • EUR10319.35
  • USD9528.49
Туризм
Ҳавола олиш
350 0 0

Мамлакатда туризм хизматлари экспорти жорий йилда 1,5 миллиард доллар, кейинги 5 йилда 3 миллиард долларгача оширилади.

ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Ўзбекистон 2025 йилда сайёҳлар сонини 12 миллионга етказишни режалаштирган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида маълум қилинди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган йили мамлакатга 6,7 миллион нафар сайёҳ келган.

“Жорий йилда хориждан келадиган сайёҳлар сонини 7,5 миллионга, 2022 йилда 10 миллионга ва 2025 йилда 12 миллионга етказиш режалаштирилган. Бу орқали туризм хизматлари экспорти жорий йилда 1,5 миллиард доллар, кейинги 5 йилда 3 миллиард долларгача оширилади” – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жорий йилда 1 минг 700 тага, келгуси 5 йилда 3 мингтагача кўпайтириш керак. Оилавий меҳмон уйларини ҳам 2 мингтага етказиш зарур. Булар орқали туризм соҳасида йилига камида 30 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Йиғилишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Маданият вазирлигига туризм маршрутига киритилган объектлар сонини жорий йилда 800 тага, 2025 йилда эса 2,5 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.

Қишки туризмни ривожлантириш бўйича 2020-2025 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиб, амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Таъкидланишича, мамлакат самолёт ва поездларида хизмат кўрсатиш сифати пастлиги, чипталар нархи эса қимматлиги йўловчиларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Оқибатда кўпчилик хорижий ташувчилар хизматини танламоқда. Темир йўл ва авиа йўналишларимиз кенг қамровли ва рақобатбардош эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Мирзиёев Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига Ўзбекистоннинг 4 аэропортида жорий этилган “очиқ осмон” режимидан тўлиқ фойдаланиш, янги авиа йўналишлар очиш, тезюрар поездлар сонини кўпайтириш, чипталар нархини арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Асосий мавзулар