07:19 06 Июл 2020
Эфир
  • RUB145.97
  • EUR11411.48
  • USD10173.38
Туризм
Ҳавола олиш
34700

Коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.

ТОШКЕНТ, 28 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга "Uzbekistan. Safe travel guaranteed" ("Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган") бренди остида туристлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими лойиҳаси тақдим этилди.

Президент шунингдек, мамлакат ички туризмни тиклаш ва ривожлантириш борасидаги режалар билан танишилди. 

Мирзиёев биринчи босқичда "яшил" ҳудудлар ўртасида ички туризмга рухсат бериш зарурлигини таъкидлади.

Тоғли жойлар ва кўл бўйларида енгил конструкцияли дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Ҳокимлар билан биргаликда кўчма дам олиш масканлари дислокацияси тасдиқланиб, электрон порталга жойлаштирилади.

Иккинчи босқичда коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги таъкидланди.

"Туризм фаолиятини қайта тиклаш учун, энг аввало, меҳмонхоналар қандай ишлайди, туристлар аэропортда қандай қабул қилинади, уларнинг мамлакат ичида ҳаракатланиши қандай ташкил этилади, деган саволларга аниқ жавоб бўлиши керак. Белгиланадиган меъёрлар содда, лекин касалликнинг олдини олиш учун етарли бўлиши лозим. Мисол учун, битта ҳолат аниқланса, бутун меҳмонхонани карантинга олишга зарурат бўлмайдиган тизим ишлаб чиқиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Туризм йўналишида тадбиркорлар кўрган зарарни яқин 1-2 йил ичида тўлиқ қоплаш қийин. Шу боис президент бу соҳага қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш лозимлигини таъкидлади.

Хусусан, туристик йиғимлардан озод қилиш бўйича аввал берилган имтиёз йил якунига қадар узайтирилади. Шунингдек, соҳа корхоналари фойда солиғини ҳисоблашда 2020-2021 йилдаги кўрган зарарларини кейинги йиллар фойдасидан чегириб ташлашга рухсат берилади.

Меҳмонхоналарга кўрсатган хизматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Бундан ташқари, уларга айланма маблағ учун кредит фоиз тўловларининг 10 фоизигача бўлган қисмига субсидия берилади.

Коронавирус пандемияси туризм соҳасига салбий таъсир кўрсатди. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йил якунлари бўйича халқаро саёҳатлар 89 фоизга, иш ўринлари 74 миллионтага қисқариши, соҳадаги жами йўқотишлар 800 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Маълумки, жорий йил 16 мартдан мамлакат ташқи ва ички туристлар учун ёпилган, оқибатда 1,5 мингдан ортиқ туроператор, 1,2 мингта меҳмонхона ўз фаолиятини тўхтатган эди.

Асосий мавзулар