Сукут, кўз ёшлар ва гуллар: Тошкент Президент билан видолашди

Oбуна бўлиш
Соат 8.00да пойтахт аҳли Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов билан видолашиш учун президент трассасида тўпланди.

ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Ўзбекистон аҳли шанба куни ўзининг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан видолашди.

Жанубий аэропорт томон элтувчи президент трассасида минглаб одамлар тўпланди. Одамлар тонг саҳардан бу ерга кела бошлаган эдилар. Жуда ҳам кўп одам тўпланди, айниқса, ёшлар кўп бўлди. Ўз президентини сўнгги манзилга кузатар экан, ҳеч ким кўз ёшини яширмади, ҳатто ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам…

Президент трассаси гулларга кўмилди.

"Халқ ўз Президентини сўнгги манзилга кузатгани келди, — деб гапирди йиғилганлардан бири. — Ҳамманинг кўзида ёш. Метрода келаётиб кузатдим — ҳеч ким бир оғиз ҳам гапирмади. Ҳамманинг кайфияти тушкун. Одамлар тонг саҳардан кўчаларга чиққан. Шундай буюк инсон энди йўқлигига ишонгимиз келмаяпти… Илоҳим жойлари жаннатда бўлсин!"

Ижтимоий тармоқларда Юртбошимизни сўнгги йўлга кузатиш маросими тасвирланган лавҳалар жойлаштирилмоқда. Халқ ўз Президентини қанчалар ардоқлаши, қанчалар севишини бутун дунёга кўрсатиб қўйди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2 сентябр куни 78 ёшида Тошкент шаҳрида инсульт туфайли оламдан ўтдилар. Президентимизнинг хотираси қалбимизда абадий сақланиб қолажак…

Янгиликлар лентаси
0