21:17 23 Октябр 2018
Эфир
  • RUB125.76
  • EUR9470.71
  • USD8226.10
Россия Президенти Владимир Путин (чапда) ва Росреестр раҳбари Игорь Васильев. Архив сурат

Россияда оммавий кадрлар ўзгариши: Путин нима сабабдан 14 раҳбарни лавозимидан бўшатди?

© Sputnik / Михаил Климентьев
Дунёда
Ҳавола олиш
81542

28 июл куни Россия Федерацияси сўнгги йилларда энг йирик кадрлар алмашишини бошдан кечирди. Россия президенти Владимир Путин мамлакатда энг юқори лавозимларни эгаллаб турган 14 амалдорни истеъфога чиқарди.

ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Куни кеча Россия Федерацияси раҳбари Владимир Владимирович Путин Федерал Божхона хизмати раҳбарини истеъфога чиқарди, шунингдек федерал округлардаги ўзининг 3 мухтор вакили ва 4 губернаторни алмаштирди. Бундан ташқари у Қрим яримороли ва Жанубий федерал округни бирлаштириб, Украинадаги Россия элчиси Михаил Зурабовни ўз вазифасидан озод қилди.

Кремл расмийлари оммавий кадрлар алмашинувини "одатий ротация", деб атаётган бўлсаларда, экспертлар бундай турбулентлик нима билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

Дипломатия

Сенатор Владимир Жабаровнинг фикрича, Россиянинг Украинадаги элчиси Михаил Зурабов "энг қийин вақтларда" бу лавозимни эгалаган. "Менинг билишимча, Зурабовнинг ўзи президентдан анчадан бери истеъфога чиқаришини илтимос қилиб келаётган эди", деб хабар қилган сенатор РИА Новости ахборот агентлигига.

Ҳозирда Россиянинг Украинадаги вақтинчалик элчиси этиб Сергей Топоров тайинланди.

Куч ишлатиш органлари

Сиёсий ахборот маркази бош директори Алексей Мухиннинг сўзларига кўра эса, Путиннинг кадрлар бобидаги сиёсати ана шундай оммавий ротацияларни назарда тутади. Эксперт бу каби ўзгаришлар биринчи маротаба рўй бермаганини эслатиб ўтди — ярим йил муқаддам кадрлар қисқариши Ички ишлар вазирлиги ходимларига нисбатан ҳам қўлланилган эди. "Бу ерда нима дейиш мумкин, табиийки, айрим қарорлар анча олдин қабул қилинган, айримлари эса яқинда", — деди эксперт.

Мухиннинг фикрича, ротациядан сўнг куч ишлатиш ходимларининг позицияси бирмунча кучайган. (Путин олиб ташланган раҳбарлар ўрнига собиқ махсус хизмат ходимларини тайинлаган, таҳр.)

"Аммо мен бу ўзгаришлар маълум бир муассасанинг кучайтирилиши учун амалга оширилган, деб айтмаган бўлар эдим. Сир эмаски, 2000-йиллар бошидан Владимир Путин ҳукумат органларидаги лавозимларга махсус хизмат вакилларини фаол тарзда жалб қилиб келмоқда. Унинг бундай қилишига сабаб — куч органлари ходимларида коррупцияга нисбатан иммунитет мавжуд. Масалан, агар инқирозни нейтраллаштириш учун хизмат қиладиган қарор қабул қилиш талаб этилганда, куч органлари ходимлари оддий фуқаролардан кўра бу вазифани яхшироқ бажарадилар", — дея таъкидлади Мухин.

Губернаторлар

Россия президенти Владимир Путин унга билдирилган ишончни оқламагани учун ҳозирда ҳибсда бўлган Киров вилояти губернатори Никита Белихни лавозимидан озод қилди. Губернатор 400 минг евро пора олганликда айбланмоқда.

Киров вилоятининг вақтинчалик губернатор лавозимини бажарувчиси этиб бунга қадар Росреестрни бошқарган Игорь Васильев тайинланган.

Киров вилоятининг собиқ губернатори адвокати сўзларига қараганда, Белих президент қарорини тушунишини, аммо худди аввалгидек ўзининг айбсизлигида қатъий туриши ва поймол қилинган обрў-эътиборини тиклаши учун охиригача курашишини маълум қилган.

Ярослаб вилояти губернатори Сергей Ястребовнинг ҳам ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Вақтинчалик губернатор этиб ушбу вилоятга Ички ишлар вазирлиги вазир ўринбосари Дмитрий Миронов тайинланди.

Федерал округлар

Қрим федерал округи расман бекор қилиниб, Жанубий федерал округ билан бирлаштирилди. Бирлаштирилган округга мухтор вакил этиб Владимир Устинов тайинланди.

Сенатор Сергей Цековнинг сўзларига кўра, Қрим федерал округи ўтиш даври учун ташкил қилинган. "Ўтган 2,5 йил Қрим ва Жанубий федерал округда бир хил характерга эга муаммолар мавжудлигини кўрсатди, шу боис турли бюрократик структураларни кўпайтиришдан наф ҳам, хоҳиш ҳам йўқ", — дея фикр билдирди сенатор.

Асосий мавзулар