08:40 28 Феврал 2020
Эфир
  • RUB148.82
  • EUR10329.35
  • USD9526.28
Дунёда
Ҳавола олиш
1032 0 0

"Шимолий оқим-2"ни ётқизишни тугатишда қатнашиши мумкин бўлган "Академик Черский" қувур ётқизиш кемаси Находкадан жўнаб кетди. Мутахассис Дмитрий Солонников Sputnik радиосида газ қувурининг қуриб битказилишига кема олдида турган тўсиқлар ҳақида гапирди.

Vesselfinder берган маълумотга кўра, "Шимолий оқим-2" газ қувури қурилишини тугата оладиган "Академик Черский" қувур ётқизиш кемаси Находка портини тарк этиб, Сингапурга йўл олди.

Порталга кўра, "Газпром"нинг бу кемаси 22 феврал кунига Сингапурга етиб келиши керак.

Энергетика вазири Александр Новак "Академик Черский" ни газ қувурини қуришга қодир кема деб атади.

Аввалроқ, Германиянинг Handelsblatt газетаси Вашингтондаги дипломатик доираларга таяниб, агар Россия ушбу қувур қурилишини тугатишга ҳаракат қилса, АҚШ ушбу лойиҳага қарши янги санкцияларни киритиши мумкинлигини, уларнинг нишонида бу газ қувуридан Россия газини оладиган сармоядорлар ёки компаниялар бўлиши мумкинлигини айтди.

Sputnik радио эфирида Замонавий давлатни ривожлантириш институти директори Дмитрий Солонников "Академик Черский" қувур ётқизиш кемасига ишга тушишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган омиллар ҳақида фикр билдирди.

"Ҳозирча бу Россияда мавжуд бўлган ягона вариант. Уни ишлашига таъқиқ қўйиш учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. У Дания қонунларига тўла мос келади ва ушбу ишларни бажаришга техник жиҳатдан қодир. АҚШ санкциялари фақат кеманинг ўзи ва унга эгалик қиладиган компанияга нисбатан қўлланилиши мумкин, аммо бу Россия компаниясидир ва бу шароитда нима қилишни ўзи  билади. Қўшма Штатларда кўриб чиқилаётган янги санкциялар газ истеъмолчиларига тааллуқлидир, яъни америкаликлар қувурнинг қурилишига қарши эмас, балки уни ишга тушириш ва ундан фойдаланишга қарши. Ва бу санкциялар немис компанияларига қўлланилиши мумкин, ва кейинги саволлар Германияга ва АҚШ ва Ғарбий Европа орасидаги кескинликка тааллуқли,"- дейди Дмитрий Солонников.

Декабр ойи охирида АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатнинг мудофаа бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади, бунга "Шимолий оқим-2" газ қувури ва ушбу лойиҳада иштирок этишга розилик берган компанияларга нисбатан санкциялар тўғрисидаги қоидалар киритилган. АҚШ санкциялари таҳдиди туфайли "Шимолий оқим-2" учун қувурлар ётқизган швейцариянинг Allseas компанияси ишни тўхтатди ва лойиҳага жалб қилинган кемаларни қайтариб олди.

"Шимолий оқим-2" Россия соҳилидан Болтиқ денгизи орқали Германияга ўтадиган иккита газ қувурини қуришни назарда тутади. Баъзи давлатлар, хусусан, Украина, Литва, Латвия, Польша ва АҚШ ушбу лойиҳага қарши чиқишди. Киев Россия газ транзитидан келадиган даромадни йўқотишдан қўрқди. АҚШ ўзининг суюлтирилган газини Европа бозорида тарғиб қилмоқда. Болтиқбўйи мамлакатлари ва Варшава, ўз навбатида, қувурни "сиёсий асосланган" лойиҳа деб билади.

Россия ҳукумати, шунингдек Берлин ва Вена "Шимолий Оқим-2"ни Европа мамлакатларининг энергия хавфсизлигини оширишга қаратилган тижорат лойиҳаси эканлигини бир неча бор таъкидлашган.

Асосий мавзулар