16:19 23 Октябр 2020
Эфир
  • RUB133.19
  • EUR12153.63
  • USD10371.76
Дунёда
Ҳавола олиш
1174 0 0

Ўзбекистонда ҳафта давомида 12 та ўлим кузатилди, Қозоғистон 14 кунлик қатъий карантин чораларини жорий этди, Қирғизистон ҳолат ва қурбонлар сони бўйича Тожикистонни ортда қолдирди.

ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Сўнгги тақдим этилган маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларида жами 58 218 та коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилган.

Қозоғистон

Қозоғистон ҳукумати республикада эпидемиологик вазият ёмонлашгани туфайли 5 июлдан 14 кунлик қўшимча карантин чеклов чораларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Мамлакат минтақада ҳолат ва ўлим бўйича ҳамон етакчилик қилмоқда. Қозоғистонда ўтган кун давомида 1452 та янги ҳолат тасдиқланган. Касалланганларнинг умумий сони 47 171 (жумладан, касаллик аломатларисиз ўтаётган беморлар) нафарга етган. Шулардан 15 556 нафари тузалиб кетган. Жами 188 та ўлим ҳолати кузатилган. 29 июндан қайд этилган ўлим ҳолатлари янгиланмаган.

Ўзбекистон

4 июль куни мамлакатда 312 та янги ҳолат аниқланган. Шундан 162 таси карантин муассасаларида, 142 таси аҳоли орасида (шундан 105 таси Тошкент шаҳрида, 36 таси Тошкент вилоятида, 1 таси Бухоро вилоятида), 8 таси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида орасида аниқланган. Бир кунда 174 бемор тузалди ва уйларига кузатилди.

2020 йил 5 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 9829 (+121) нафарни ташкил этмоқда.

Республика бўйлаб 6425 нафар (66 фоиз) бемор бутунлай даволаниб чиққан. Мамлакатда эпидемия бошлангандан буён 32 та ўлим ҳолати кузатилган. Ҳафта давомида 12 янги ўлим қайд этилди.

Ўзбекистонда ҳам 1 июлдан карантин чоралари кучайтирилди. Барча ҳудудларида йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади. “Қизил” ва “сариқ” ҳудудларда соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00 дан 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланди. “Қизил” ва “сариқ” ҳудудларда ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида жамоат транспорти ҳаракати камайтирилди.

Қирғизистон

Қирғизистонда сўнгги кунларда коронавирус юқтириб олиш ҳолати кескин кўпайган. Энди мамлакат коронавирус қурбонлари сони бўйича Тожикистонни ортда қолдириб, минтақада иккинчи ўринга кўтарилган.

Касалланганларнинг умумий сони 7377 нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 2802 нафари (37,9 фоизи) COVID-19ни енгган. Жами 88 та ўлим ҳолати кузатилган.

Касаллик кундан кунга авж олаётгани боис Бишкек мэрияси ҳозирда маълум сабабларга кўра ишламаётган тиббиёт ходимларидан кўмак беришни сўраган.  

Тожикистон

Тожикистонда минтақада энг охирида (30 апрель куни) коронавирус аниқланган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, аниқланаётган кунлик ҳолатлар 50-55 тани ташкил этади. Қайд этиш жоизки, бу минтақадаги бошқа мамлакатларда касаллик авж олаётган вақтда бир неча бараварга камроқ.

Ўтган кун давомида 51 кишида коронавирус аниқланган бўлса, 47 киши дарддан фориғ бўлган.

Коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 6159 нафарга етган. Шулардан 4809 нафари (78,1 фоизи) тузалиб кетишга муваффақ бўлган. Қурбонлар сони эса 52 кишини ташкил этмоқда. Ҳафта давомида қурбонлар сони ўзгармаган.

Туркманистонда эса ҳозирга қадар коронавирус расман қайд этилмаган ва у минтақадаги инфекциядан холи мамлакат бўлиб турибди.

Бутун дунё бўйлаб 11 миллиондан зиёд киши коронавирус юқтириб олган. 6 миллиондан ортиқ киши шифо топган. Қурбонлар сони 530 мингдан ошган.

Теглар:
карантин, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Марказий Осиё, коронавирус

Асосий мавзулар