16:55 26 Сентябр 2020
Эфир
  • RUB136.28
  • EUR12210.60
  • USD10315.62
Дунёда
Ҳавола олиш
20910

КХДР етакчиси сўзларига кўра, Корея уруши давридан буён душманлар билан аёвсиз кураш давом этмоқда ва "империалистлар томонидан босим" фақатгина кучайган.

ТОШКЕНТ, 28 июл – Sputnik. Шимолий Кореяда ядровий қуролнинг мавжудлиги мамлакатда тинчликни ва кафолатланган муҳофазани таъминлайди. Бу ҳақда КХДР етакчиси Ким Чен Ин душанба куни Корея уруши якунланганининг 67 йиллиги муносабати билан ўтказилган 6-фахрийлар миллий анжуманида сўзлаган тантанали нутқида айтиб ўтди.

"1950-йиллардаги уруш кулфатлари ва азобларини яна бир бор бошдан кечирмаслик учун биз урушни тўхтатадиган ва унинг олдини оладиган мутлақ кучга эга бўлмоғимиз лозим эди. Шу боис, бошқалар 100 марта қоқилиб, таслим бўладиган жойда, биз, барча қийинчиликларни енгиб, барча хилдаги таҳдид ва фитналарга сабр қилиб, ядровий держава сифатида ўз тараққий йўлимиздан бордик. Энди биз империалист-рақибларнинг душман кучлари томонидан амалга ошириладиган фаол душманлик провокацияларининг ҳар қандай шакли ва ҳарбий таҳдид билан бизни қўрқитишдан ишончли ва қатъий ҳимояланган давлатга айландик. Уруш - бу кимгадир менсимай қарайдиганлар билан қуролли можародир. Энди ҳеч ким бизга паст баҳо бера олмайди. Агар шундай қилса - бу учун тегишли тўловни амалга оширишига тўғри келади", - деб айтган Ким Чен Ин. Унинг сўзларидан Шимолий Кореянинг Марказий телеграф агентлиги (ЦТАК) иқтибос келтирган.

КХДР етакчиси сўзларига кўра, Корея уруши давридан буён душманлар билан аёвсиз кураш давом этмоқда ва "империалистлар томонидан босим" фақатгина кучайган. Мамлакатни ташқи таҳдидлардан ҳимоялаш учун КХДР ҳеч қачон бошқа мамлакатлар у билан тенглаша олмайдиган "энг қудратли миллий мудофаа салоҳиятини мукаммаллаштиришдан тўхтамайди".

"Бизнинг ишончли ва самарали жиловлаш кучларимиз туфайли бу заминда бошқа уруш бўлмайди ва бизнинг миллий хавфсизлигимиз ва келажагимиз абадий мустаҳкам кафолатланади", - деган Ким Чен Ин.

КХДР уруш ветеранларининг биринчи йиғинини 1993 йилда, уруш якунланганига 40 йил тўлганида ўтказган эди. Қолган тўрт учрашув 2012, 2013, 2015 ва 2018 йилларда ўтказилган. Ким Чен Ин ушбу тадбирда сўнгги марта 2015 йилда нутқ билан чиқиш қилган.

Жанубий Корея ОАВнинг таъкидлашича, бу йилги тадбир коронавирус пандемияси ва санкциялар иқтисодий оқибатлари олдида ички бирликни мустаҳкамлашга қаратилган.

ЦТАК хабарига кўра, Пхеньянда уруш якун топганининг 67 йиллиги муносабати билан салют отилган ва кўплаб одамлар фейерверкларни томоша қилгани келишган.

Корея уруши 1953 йилнинг 27 июлида БМТ байроғи остида уруш қилган АҚШ қўшинлари ва КХДРнинг тинчлик битимини имзолаши билан якун топган. Бу техник жиҳатдан Жанубий ва Шимолий Кореяни уруш ҳолатида қолдирган эди.

Асосий мавзулар