ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. 11 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов департаменти раҳбари Александр Шлик бошчилигида мамлакатимизга ташриф буюрган Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) экспертлари билан учрашув бўлиб ўтди.
ЭБМ экспертларининг фикрича, Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлажак сайловларни кузатиш юзасидан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига таклифноманинг ўз вақтида юборилгани халқаро сайлов стандартлари талабларига тўла мос келади.
Учрашувда қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга қаратилган ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчиллик билан такомиллаштирмоқда. Бунда халқаро кузатувчилар, хусусан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг ўтган сайловлардаги кузатувлари натижалари бўйича тавсиялари инобатга олинмоқда.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари Марказий сайлов комиссияси томонидан округ сайлов комиссиялари вакиллари учун ўтказилган онлайн семинар-тренингларга ҳам юқори баҳо берди.
Учрашувда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари фаолиятини самарали ташкил этиш, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.