14:02 20 Октябр 2017
Эфир
Лочинов Фарҳод Назарович, суд эксперти

Жасур Иброҳимов иши бўйича давлат суд эксперти кўрсатма берди

Дилшода Рахматова
Янгиликлар
Ҳавола олиш
Тошкентда коллеж талабасининг уриб ўлдирилиши (23)
156401

Жасур Иброҳимов ўлими юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича суд мажлиси давом этмоқда. Бу сафар марҳумни бевосита ёриб кўрган ва тиббий хулоса ёзган суд эксперти кўрсатмалари тингланди

ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Миробод туман жиноий ишлар судида Боровский номидаги тиббиёт коллежи талабаси Жасур Иброҳимовнинг ўлими юзасидан олтинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд тиббий экспертиза Бош бюроси эксперти Лочинов Фарҳод Назарович сўроқ қилинди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Лочинов ўз кўрсатмалари аввалида эксперт хулосаси 2017 йил 1 июнда  амалдаги қонунчилик асосида тузилганлигини маълум қилди.

Иброҳимов ўлими сабаблари

Эксперт сўзларига кўра, Иброҳимовнинг ўлими сабаблари "3 май куни олган тан жароҳатлари асорати билан боғлиқ бўлиб, ушбу тан жароҳатлари  ташқи таъсир (жисмоний таъсир) туфайли юзага келган". Марҳумни бевосита ёриб кўрган экспертнинг айтишича, Иброҳимовда ҳеч қандай сурункали касаллик аниқланмаган, яъни у соғлом бўлган.

Жароҳатлар келиб чиқиши сабаблари

"Тан жароҳатлари ўша жойларга ўтмас қаттиқ жисм(инсон қўл ва оёқлари)нинг бир неча марта таъсири натижасида юзага келган бўлиши мумкин", — деди эксперт.

"Ўн икки бармоқли ичакнинг ёрилиши соҳасида бошқа тан жароҳатларининг мавжудлиги, яъни кўндаланг чамбаричак гематомаси, ошқозон безининг лат ейишидан хулоса қилиш мумкин-ки, ушбу жароҳатлар — қориннинг олди томонидан етказилган зарба натижаси бўлиши мумкин", — таъкидлади эксперт.

Лочиновнинг сўзларига кўра, Ж. Иброҳимов олган тан жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича, тиббий ёрдам кўрсатилишидан қатъий назар, ҳаёт учун хавфли тан жароҳати белгиларига эга.

Лочинов, шунингдек, судланувчи курсисида ўтирган Исломбек Тўлагановнинг "Ушбу жароҳатларни олган Жасур ўз оёқлари билан уйигача юриб бориши мумкинмиди?" деган мазмундаги саволига "Ҳа, бу бирданига ўлимга олиб келадиган жароҳат эмас", дея жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдинги суд эшиттирувида Жасур Иброҳимовни даволаган врачлар кўрсатмаси тингланган эди.

2-сонли шаҳар болалар жарроҳлик шифохонаси бош врач ёрдамчиси Тоҳир Ҳасанов 3 май куни тунги навбатчиликда бўлганида касалхонага оғир аҳволда олиб келинган Жасур Иброҳимовни кўрикдан ўтказганини ва унга қўшма жароҳат — бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши ташхиси қўйганини айтган эди.

Бундан ташқари Иброҳимовнинг пешона соҳасида кўкариш, бўйни, кўкрак қафасининг олд қисми, қорнининг олд томонида қизаришлар, юмшоқ тўқималарнинг эзилиши, тери ости гематомалари ва қонталашлар, шилинишлар, киндикнинг юқори қисмида туфли изига ўхшаш узунчоқ шаклда из борлиги кузатилган.

Мавзу:
Тошкентда коллеж талабасининг уриб ўлдирилиши (23)

Асосий мавзулар