Самарқанддаги “Баҳодир Ялангтўшбий” масжиди янгитдан қурилади

© Фото: Маданий мерос агентлиги"Баҳодир Ялангтўшбий" масжиди
Баҳодир Ялангтўшбий масжиди  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.04.2022
Oбуна бўлиш
Келажакда тарихий обидадан туризм объекти сифатида фойдаланиш режалаштирилган
ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Самақанд вилояти Оқдарё туманидаги “Баҳодир Ялангтўшбий масжиди” реставрация қилиниб, Баҳодир Ялангтўшбий шахси ҳақида кино олинади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Баҳодир Ялангтўшбий масжиди” юзасидан танқидий фикр билдирилган эди.
Агентлик хабарига кўра, айни вақтда “Баҳодир Ялангтўшбий масжиди”ни сақлаб қолиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Хусусан, “Самарқанд вилоятини 2022–2026 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури” тасдиқланган бўлиб, Дастурнинг 2023 йилга мўлжалланган қисмида “Баҳодир Ялангтўшбий масжиди”ни реставрация қилиш ҳамда Баҳодир Ялангтўшбий шахси ҳақида кино олиш белгиланган.
Самарқанд маданий мерос бошқармаси масжидни реставрация қилиш юзасидан лойиҳа-таклифини ишлаб чиқиб, Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт Кенгашига тақдим этган.
Келажакда “Баҳодир Ялангтўшбий” масжиди биносидан туризм объекти сифатида фойдаланиш режалаштирилган.
Ушбу тарихий обида моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти хисобланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 846-сонли қарори билан Миллий рўйхатга киритилган.
“Мазкур масжид биноси дарҳақиқат оғир аҳволда, аммо у ижтимоий тармоқда келтирилганидек Баҳодир Ялангтўшбий (1578-1656 йй.) томонидан қурдирилмаган бўлиб, XIX–XX асрлар оралиғида тикланган ва Баҳодир Ялангтўшбийнинг номини абадийлаштириш мақсадида масжидга унинг номи берилган”, - дейилади хабарда.
Масжид ХХ асрнинг 20 йилларигача фаолият кўрсатган. Шу даврдан эътиборан собиқ мустабид тузум томонидан диний қадриятлар топталиб, масжид фаолияти тўхтатилган ва омборхонага айлантирилган.
Маҳаллий нуроний оқсоқоллар томонидан оғзаки маълумот берилишича, Қатағон йиллари (1932-1938 йй.) оралиғида масжид биносига ўт (ёнғин) кетган ва объект ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бугунги кунда объектнинг сақланиши авария ҳолатига келиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар рўйхати тасдиқланган эди. Унга кўра, туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ва ободонлаштириш ҳамда маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантиришга 262,8 млрд сўм ажратилади.
Янгиликлар лентаси
0