Ягона мактаб формаси ҳозирча мажбурий бўлмайди - Саидов

© Фото: МНО УзбекистанаБахтиёр Саидов
Бахтиёр Саидов  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.07.2022
Oбуна бўлиш
Ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади.
ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Янги ўқув йилидан бошлаб ота-оналар ягона мактаб формасини харид қилишларига мажбурий талаб қўйилмайди. Бу ҳақида АОКАда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов иштирокида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.
Бахтиёр Саидов қайд этишича, мослашув жараёни учун маълум вақт кераклигини инобатга олиб, ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади.
Айтилишича, сўнгги кунларда кенг жамоатчилик томонидан мактаб ўқувчилари учун ягона мактаб формасини жорий этилиши муҳокама бўлмоқда ва турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Шу боис ота-оналарнинг ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида ягона мактаб формаси талаби янги ўқув йилидан татбиқ этилмайди.

"Яъни, янги ўқув йили 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб ота-оналар ягона формани харид қилишига мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди", дейди Бахтиёр Саидов.

Шунингдек, миллий қадриятлардан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари маън этилмайди.
Ўқувчи-қизларнинг либослари, яъни юбка ва кофта енгларининг узунлиги борасида ҳам айрим тушунмовчиликлар бўлмоқда. Шунга кўра, ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас.
Қолаверса, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан мактаб формасини сотиб олинишига кўмак берилади.
Шунингдек, ота-оналар мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти томонидан мажбур этилмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди.
Мактаб формаси савдоси август ойидан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳар марказларидаги аҳолига қулай жойлар ҳамда мактаб ярмаркаларида ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тўқимачилик корхоналари томонидан 1,5 млн комплектдан ортиқ мактаб формалари тайёрланиб, сотувга чиқарилгани маълум қилинганди.
Янгиликлар лентаси
0