Касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга субсидия берилади

© Sputnik / Зафар ХалиловСум
Сум - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.10.2022
Oбуна бўлиш
1 октябрдан касаначига ажратиладиган субсидия миқдори БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача оширилган эди.
ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Энди тадбиркорлик субъектига ҳар бир касаначига асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми миқдорида субсидия ажратилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 14 октябрь куни қабул қилинган 596-сон қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, тадбиркорлар касаначиликни ташкил этганидан камида 3 ой ўтгандан сўнг субсидия олиш учун Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ёзма равишда ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг субсидия ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг 5 иш куни ичида:
талабгорга ҳар бир касаначининг дастлабки 3 ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади;
тадбиркорлик субъектига ҳар бир касаначига асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваригача миқдорида субсидия ажратилади.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва тадбиркорлик субъекти ўртасида ижтимоий контракт тузилади.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази билан биргаликда келгуси йил учун жорий йилнинг 10 декабрига қадар иш билан банд бўлмаган фуқароларни касаначилик йўналишида касбга ўқитиш бўйича давлат буюртмасини шакллантиради.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари давлат буюртмаси асосида нодавлат таълим ташкилотларида касбга ўқитилган фуқароларнинг малакасини баҳолаш чораларини кўради ва у билан боғлиқ харажатларни ҳар бир банд бўлмаган шахс учун БҲМнинг 4 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда қоплаб беради.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 октябрдан касаначига ажратиладиган субсидия миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача) оширилган эди.
Янгиликлар лентаси
0