11:41 23 Сентябр 2020
Эфир
  • RUB136.28
  • EUR12210.60
  • USD10315.62
Аналитика
Ҳавола олиш
82420

Коронавирус эпидемияси ҳали тугаган эмас. Янги ўқув йили бошланадиган давр - сентябрга ҳам оз вақт қолмоқда. Ҳозирда дунёнинг турли давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам, ушбу масалага қандайдир ечим топишга ҳаракат қилмоқда

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемияси муносабати билан халқаро фавқулодда ҳолатни 1 августдан бошлаб яна 3 ой муддатга узайтирди.

Коронавирус инфекцияси тарқалиши бугун кўплаб давлатлар иқтисодиёти учун жиддий оқибатларни келтириб чиқараётгани ва давлатлар унга қарши аёвсиз кураш олиб бораётгани ҳақиқат.

Аммо бугун инсоният олдида яна бир катта масала турибди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, куни кеча, 4 август куни таълим соҳасида коронавирус туфайли юз бераётган танаффуслар коинот аҳолисининг бутун бошли бир авлоди учун катта эҳтимол билан фожиага айланиши мумкинлигини айтди.

"Ўқувчиларнинг мактабга хавфсиз қайтарилиши дунёдаги биринчи устуворликка айланиши лозим", - дея қайд этди Гутерриш БМТ сайтида эълон қилинган видео-мурожаатда.

Шу тариқа, 1 сентябр - янги ўқув йили бошланишининг шартли санаси деб оладиган бўлсак, айни вақтда дунёнинг турли давлатларида таълим куздан ёки ҳатто август ойидаёқ старт олаётганини кўриш мумкин.

Тожикистон: илмни такрорламоқда

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Тожикистонда ўқув йили август ойидан бошланадиган бўлди.

Мамлакат ҳукумати ўқув дарслари жараёнига ҳалал берган коронавирус туфайли янги ўқув йили бошланиши санасини ўзгартиришга қарор қилди.

Первый заместитель министра народного образования Усман Шарифходжаев
Министерство народного образования Узбекистана

Тожикистон илм-фан ва таълим вазири Махмадюсуф Имомзоданинг айтишича, Билимлар куни мамлакатда 17 августда бошланади ва 1 сентябрга қадар мактаб ўқувчилари ҳамда талабалар ўтилган материалларни такрорлайдилар.

Вазир, шунингдек, коронавируснинг иккинчи тўлқини юз берган тақдирда, мактаб ўқувчилари учун теле-дарслар йўлга қўйилишини қўшимча қилган.

Қозоғистон: интернет оқсамоқда, лекин таълим масофавий бўлади

Қозоғистон ҳукумати қарорига кўра, мамлакатдаги нохуш эпидемиологик вазият туфайли янги ўқув йилида таълим масофавий бўлади.

Аммо айрим ўқувчилар уйларида интернет йўқлиги туфайли "масофадан туриб" таълим олиш имкониятидан маҳрум. Интернет муаммосидан чарчаган одамлар ҳукуматга шикоят қилишни ҳозирдан бошлаб юборишган. Мутасаддилар ушбу масалани ҳал этиш ва барча шикоятлар бўйича текширув ўтказишга ваъда берган.

Қозоғистон таълим вазирлиги маълумотларига кўра, биринчи чоракда 2,6 миллион ўқувчилар (интернет ва телевидение ёрдамида) масофавий таълим билан қамраб олинади.

Тошкент ва Бишкек ҳали ўйлаяпти

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати сал олдин янги ўқув йили бошланиши борасида аниқ қарор йўқлиги, аммо учта сценарий тайёрлаб қўйилганини маълум қилган эди.

Ҳозирда вазирлик жамоатчилик фикрини билиш мақсадида, ҳатто махсус сўровнома ўтказмоқда.

"Фарзандингизни пандемия вақтида мактабга юборишга тайёрмисиз?", деган савол акс этган сўровда қатнашган респондентларнинг аксарияти "Йўқ, мен учун фарзандимнинг соғлиғи муҳим, онлайн дарсларда унга ёрдам беришга тайёрман", деган жавобни танлаганини кўриш мумкин.

Аммо бу ерда ҳам ота, ҳам она ишлайдиган оилалар, қолаверса, биринчи синф ўқувчиси билим олиши учун энг яхши чора - бу мактабда ўтиладиган дарс сингари омиллар инобатга олинган ҳолда, ушбу масалага умумий ечим топишларига умид бор. 

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков илгарироқ пандемия шароитида ҳам биринчи синф ўқувчиларини мактабда ўқитиш кераклиги ҳақида фикр билдирган эди.

Sputnik Қирғизистон хабарига кўра, бу борада август ойи ўрталарида бир қарорга келиниши маълум қилинган.

Жаҳонда нима гап?

Дунёнинг бошқа давлатларида ҳам ҳукумат раҳбарлари БМТ бош котиби Гутерришнинг "Олдимизда бутун бошли авлод фожиаси турибди, у туфайли очилмаган инсон салоҳияти йўқолиши ва бунинг оқибатида сўнгги ўн йилликда эришилган тараққиётга путур етиб, илдиз отган нотенглик янада кучайиши мумкин", деган сўзларини чуқур таҳлил қилган ҳолда ушбу мураккаб масалага ечим топмоқдалар.

Хусусан, Бельгия, Венгрия, Ирландия, Польша мактаб ўқувчилари россиялик тенгдошлари билан бир қаторда 1 сентябр куни мактабга йўл олишади. Аммо Швеция ва Финляндияда болакайларни 15 августдан ўқитиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Германия ва АҚШда бу масала аниқ мактаб ёки аҳоли яшайдиган пункт доирасида ҳал этилади. Сабаби, бу мамлакатларда нафақат ҳар бир мактаб, балки провинция ёки ўқув округининг ўзининг алоҳида ўқув режалари мавжуд.

Албатта, яқинлашиб келаётган янги ўқув йили кўплаб давлатларнинг ўқув тизимларини: мактабни қачон ва қай тартибда бошлаш ёки масофавий таълимни қолдириш керакдир, сингари мураккаб танловда мураккаб қарор қабул қилишга мажбур этмоқда.

Бу масалада ҳар бир давлат ўзидаги шароитлардан келиб чиққан ҳолда ўқув моделини қабул қилиши ҳам турган гап.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ота-оналар қалбидаги қўрқувларга қарши умидбахш статистика мавжуд: мактаблар ишлаб турган мамлакатларда ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари орасида коронавирусга чалинганлик даражаси ўта паст.

Асосий мавзулар