16:01 20 Июн 2019
Эфир
  • RUB132.57
  • EUR9566.00
  • USD8535.74
Коммунал хизмат ишчиси

Светчи ва газчилар ишдан бўшатилиб уларнинг вазифаси Прокуратурага топширилди

© Sputnik / Владимир Смирнов
Иқтисод
Ҳавола олиш
439773

Бош прокуратура ҳузурида свет ва газ учун тўлов ундириш Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. 29 май куни электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш тўғрисида Ўзбекистон президент фармони қабул қилинди.

Унда айтилишига кўра Ўзбекистон электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида ўта жиддий муаммо ва камчиликлар тўпланиб қолган. Улар орасида энергия манбаини талон-тарож қилиш, истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловлардан бўйин товлаш, электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига шикаст етказиш ва уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар жуда авж олган.  

2016 йилда электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига шикаст етказиш ва уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар 2014 йилга нисбатан 48 фоизга ошган.

2016 йил ва 2017 йилнинг биринчи чорагида "Ўзбекэнерго" АЖ ҳамда "Ўзтрансгаз" АК тизимидаги 665 нафар ходими, Суд департаментининг 36 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

Ундан ташқари, Ўзбекистон президентининг Халқ қабулхоналарига электр ва газ таъминоти масалалари бўйича 43 мингдан ортиқ шикоят келиб тушган.

Янги қабул қилинган фармон соҳада вазиятни мутлақ ўзгартиришга қаратилган. Хусусан, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув механизмларини янада такомиллаштиришга, тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва жавобгарликни кучайтириш режалаштирилган.

Ушбу мақсадда фармонда қуйидагилар амалга оширилиши белгиланган:

1. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Унинг вазифаси энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш бўлади.

2. Суд департаменти тугатилиб, унинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 1 301 та бўшатилаётган штат бирликлари Мажбурий ижро бюрога ўтказилди.

3. "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзтрансгаз" АКнинг истеъмолчилар билан ишлаш бўйича 6 562 та электромонтёр ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва реализация қилиш бўйича 4 255 та назоратчи штат бирликлари қисқартирилди.

4. Ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, энергия ресурслари учун қарздорлик мавжуд бўлганда истеъмолчиларни тармоқдан узиш тартиби жорий этилди.

Фармонда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши — электр энергетика ва газ тармоқларини модернизация қилишга, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга ҳамда жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Асосий мавзулар