08:08 24 Апрел 2018
Эфир
Папка с документами

Ўзбекистонда ҳарбий пенсионерлар ишга жалб қилинади

Sputnik / Владимир Федоренко
Янгиликлар
Ҳавола олиш
89501

Мудофаа вазири ўринбосари Икромовга бой амалий тажрибага эга бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар орасидан энг муносиб шахсларни ўқитувчилик фаолияти учун танлаб олиш бўйича самарали тизимни жорий этиш топширилди

ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ёш авлодимизда қатъий ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш алоҳида муҳим аҳамиятга эга. Шуни ҳисобга олиб, мамлакатимизда ўрта мактабдан бошлаб олий ўқув юртларигача қамраб оладиган узлуксиз ҳарбий таълим ва ватанпарварлик тарбияси бўйича ўзига хос ноёб ва яхлит тизим яратилмоқда, деб баёнот қилди Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев.

Ушбу тизим мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини шакллантиришни, ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар фаолиятини такомиллаштиришни, "Темурбеклар мактаби" ҳарбий академик лицейлари ташкил этишни кўзда тутади.

Президент айрим мансабдор шахслар юқоридаги масаланинг моҳияти ва аҳамиятини етарли даражада тушунмаганини таъкидлар экан, Академияда ўқув жараёнини ташкил қилишда эскича ёндашувлар ҳали ҳам бартараф этилмаганини айтди.

"Бундай ҳолат билан муроса қилиб бўлмайди. Биз бу масалада доимо замон билан бирга қадам ташлашимиз, керак бўлса, ундан олдинда юришимиз зарур. Академияда ва бошқа ҳарбий ўқув юртларида замонавий шарт-шароитларни хўжакўрсинга яратганимиз йўқ. Аксинча, курсантларимиз ва тингловчиларимиз таълим соҳасида энг илғор, инновацион билим ва кўникмаларга эга бўлиши зарур. Мана, бизнинг асосий мақсадимиз", — деди Мирзиёев.

Бундан ташқари, ҳарбий қўшинларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш масаласининг долзарб аҳамиятга эга эканини ҳисобга олиб, юқори малакали офицер кадрларни тайёрлашда хорижий тиллар, жумладан, рус тилини ўрганишга алоҳида аҳамият бериш даркорлиги айтилди.

Мирзиёев авлодлар ўртасида узвийлик ва устозлик анъаналари йўқолгани сингари ўткир муаммони кўтарди.

"Бунинг сабаби, биринчи навбатда, айрим раҳбарларнинг ўзига ўринбосарлар тайёрлаш, ўзининг "иссиқ жойи"ни ёшларга бўшатиб беришни хоҳламаслиги билан боғлиқ. Улар ёшларнинг малакасини ошириш ва хизмат пиллапояларидан кўтарилишига онгли равишда тўсиқ бўлмоқда, десак, буям ҳақиқат.

Мен эътибор қаратмоқчи бўлган яна бир масала, бу — кадрларимизни хорижий давлатларда тайёрлаш билан боғлиқ. Маълумки, биз ошиб-тошиб кетган бой давлат эмасмиз. Шунинг учун бу масалага чуқур ўйламасдан ёндашишга ҳаққимиз йўқ. Бу борада номзодларни ҳар томонлама пухта саралашимиз ва тайёрлашимиз керак. Токи, улар олган билим ва тажрибаларини кейинчалик амалда қўллаш ва жорий этишга қодир бўлсин. Шу билан бирга, янги билим ва ғояларни янада кенг ёйиш мақсадида ҳарбий ўқитувчиларимизни чет элларда тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратиш зарур", — деди президент.

Бош вазир Арипов, Давлат маслаҳатчиси Қосимов, мудофаа вазири Азизов Академия фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишларнинг биринчи босқичини ўз вақтида ва сифатли якунига етказишни, навбатдаги чора-тадбирларни амалга ошириш, жумладан, тегишли инфратузилмаларни яратишни таъминлаш топширилди.

Миллий гвардия қўмондони Тошматовга Ҳарбий-техника институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни сифатли ва тўлиқ амалга оширишни таъминлаш топширилди.

"Бу жараёнда ўзи шахсан иштирок этиб, мазкур институтни мамлакатимизнинг энг яхши олий ўқув юртларидан бирига айлантириши лозим. Келгусида армиямиз учун юксак малакали тайёр кадрлар, керак бўлса, Қуролли Кучлар қўмондонлари даражасидаги номзодлар захираси айнан мана шу ўқув юртидан етишиб чиқиши зарур", — деди президент.

Мудофаа вазири ўринбосари А.Икромовга юқорида айтиб ўтилган муаммоларни ҳисобга олган ҳолда, кадрлар билан ишлаш, уларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали тизим фаолиятини таъминласин, олий ҳарбий таълим муассасаларимиз билан мамлакатимиздаги ва хориждаги етакчи олий ўқув юртлари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

— бой амалий тажрибага эга бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар орасидан энг муносиб шахсларни ўқитувчилик фаолияти учун танлаб олиш бўйича самарали тизимни жорий этиш топширилди.

Мирзиёев биз баъзи ҳарбий пенсионерларни ўқитувчилик фаолиятига жалб этиш бўйича қарор қабул қилинганини айтди.

Миллий гвардия қўмондони Б.Тошматовга Миллий гвардия ўқув юртларида ҳам худди шундай тизимни жорий этиш топшириғи берилди.

Шу муносабат билан Қуролли Кучлар академияси қошида мамлакатдаги барча ҳарбий таълим йўналишидаги олий ва ўрта махсус билим юртлари фаолиятини ўқув жараёни ва илмий нуқтаи назардан мувофиқлаштирадиган Илмий-методик кенгаш ташкил этиш топширилди.

Ушбу кенгашга раислик қилиш Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудовга, кенгаш раисининг ўринбосари вазифаси эса Давлат маслаҳатчиси Р.Қосимов зиммасига юклатилди.

Асосий мавзулар