06:40 20 Август 2019
Эфир
  • RUB138.47
  • EUR10092.14
  • USD9061.00
Чтение книги

Гулнора Каримова қамоқхонада қандай китоблар ўқиётгани маълум бўлди

CC0 / pixabay
Жамият
Ҳавола олиш
1182 0 0

Гулнора Каримова қамоқхонада Амир Темур ҳақида, рус ёзувчиларининг китобларини ҳамда ҳуқуқий мавзудаги китобларни ўқимоқда.

ТОШКЕНТ, 7 июл – Sputnik. Гулнора Каримова қамоқхонада ахборот материалларидан фойдаланиш ҳуқуқидан тўлиқ фойдаланмоқда, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.

“Г. Каримова ЖИКнинг 9-моддасига мувофиқ, ўқув, бадиий ва бошқа турдаги ахборот материалларидан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, Колония кутубхонасининг аъзоси ҳамдир”, - дейилган хабарда.

Кутубхона дафтаридаги ёзувларга асосан, Гулнора Каримова қамоқхонада Ўрта Осиё тарихи бўйича британиялик мутахассис Хилда Хукхэмнинг Амир Темур ҳақида ёзилган тарихий “Властитель семи созвездий” номли китобини, рус ёзувчилари Герцен, Некрасов ҳамда Чернышевскийлар китобларини олгани маълум бўлган.

Шунингдек Гулнора Каримова “Инсон ҳуқуқлари” 2 томлик китоб ва “Ўзбекистон Республикасида Конституцион ҳуқуқ” номли китобларидан ҳам фойдаланган.

Кутубхона китобидан лавҳа

Эслатиб ўтамиз, июль ойининг бошида швейцариялик адвокат Грегуар Манжа Гулнора Каримованинг қамоқхонада оғир аҳволда сақланаётганини рўкач қилиб, Швейцария суди томонидан Ўзбекистонга қайтарилиши керак бўлган 555 миллион долларни тўхтатиб қўйган эди.

Бунга жавобан, Ўзбекистон Адлия вазирлиги вакиллари 3-4 июль кунлари  21-сонли аёллар жазони ўташ Колониясида бўлиб, Гулнора Каримова қамоқ жазосини ўташ ҳолатини батафсил ўрганиб чиқди.

Ўрганиш натижасида Г. Каримова қамоқхонада қонун бўйича маҳбуслар учун рухсат берилган барча ҳуқуқлардан фойдаланаётгани маълум бўлган.

Ҳуқуқларни чеклаш ҳақида

Хусусан, жорий йилнинг 2 ва 3, 10 апрель ҳамда 10 июнь кунлари у тегишли бандерол ва йўқлов қабул қилинган. 

Ундан ташқари 10 апрель куни Г. Каримованинг ҳисобварағига қизидан пул ўтказмалари келиб тушган. Г. Каримова жазони ўташ давомида колония дўконидан тўрт маротаба ҳаридни амалга оширган ва ўрганиш пайтида унинг ҳисобварағида муайян миқдорда маблағ қолгани аниқланган.

Шунингдек , 2019 йилнинг 12 апрелидан 15 апрелигача у оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашувда бўлган (3 сутка) ва иккита қисқа муддатли учрашувлардан ёзма равишда бош тортган.

“Ундан ташқари Г. Каримовага 2019 йилнинг 2 ва 17 апрель ҳамда 10 июнь кунлари Швейцариялик адвокати билан учрашиш ҳуқуқи таъминланган”, - дейилган хабарда.  

Маҳбуснинг соғлиги ҳақида

Биринчидан, қамоқхонага келгунига қадар Каримованинг сурункали касали бўлган,  2017 йилнинг декабрь ойида ўтказилган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг комиссиявий суд тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра (№70 15.12.2017й).

Шу билан бирга, комиссиянинг хулосасига кўра Г. Каримовада аниқланган касалликлар унинг жазони ўташига ҳалақит бермайди ва “Оғир касалликлар” рўйхатига кирмайди.

Г. Каримовада маълум сурункали касалликлар борлигини инобатга олиб, унга стационар даволаниш учун етарли шароитлар яратилган. Адлия вазирлиги ходимлари Колонияга борганларида Г. Каримова санитария бўлимида бўлган.

Суҳбат чоғида Г. Каримова унга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатига нисбатан ҳеч қандай эътироз билдирмади.

Визуал текширув чоғида Г. Каримованинг танасида жароҳатлар аниқланмади.

Руҳий босим ҳақида

Маҳкумалар билан ўтказилган суҳбатларда шу нарса аниқландики, Г. Каримовага жисмоний ёки руҳий босим ўтказиш ҳоллари кузатилмаган, аксинча, бошқа маҳкумалар Г. Каримованинг ёмон яшаш шароитларда ушлаб турилгани ва унга босим ўтказилаётгани тўғрисидаги маълумотлардан ажабланганлар.

Хусусан, у билан битта отрядда яшаётган маҳкумалар Г. Каримова колонияга олиб келинганида, у дераза олдидаги кроватни танлагани, бу вақтда эса, мазкур кроват бошқа маҳкума томонидан банд бўлганини қайд этганлар. Шундай бўлсада, бошқа маҳкума Г. Каримовага ўз ўрнини бўшатиб берган.

Г. Каримованинг саломатлигини инобатга олган ҳолда, ушбу даврда у бир маротаба ҳам меҳнат фаолиятига жалб этилмаган. Бу ҳолат Колония маҳкумалари ва маъмурияти томонидан ҳам тасдиқланди.

Гулнора Каримова нимадан арз қилди

Гулнора Каримова билан бўлган суҳбат давомида у маҳкума сифатида ўзининг ҳуқуқлари чекланаётганидан шикоят қилмади ва бу мавзуда суҳбатлашишни истамаётганини билдирди. Шунингдек у қуйидагилар бўйича ўз эътирозларини билдирди:

  • колонияда бўлган пайтида унга яқин бўлган маҳкумаларнинг бошқа отрядларга ўтказилганига;
  • унинг фикрича, жиноий ишни тергов қилишда қонунчилик талаблари бузилганига.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Биринчи президентининг қизи Гульнара Каримова 2015 йилнинг августида бир қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилган ва 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган эди. Бош прокуратура Гулнора Каримованинг 12 хорижий мамлакатда жами 1,5 миллиард доллар мол-мулки борлигини аниқлаган. Шундан энг каттаси қисми – 800 миллион долларлик мулк Швейцарияда сақланади.

Асосий мавзулар