07:26 06 Июл 2020
Эфир
  • RUB145.97
  • EUR11411.48
  • USD10173.38
Жамият
Ҳавола олиш
75301

Бош прокуратура Кушербаев билан боғлиқ воқеалар юзасидан олиб борилган ўрганиш натижасини маълум қилди.

ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга сиёсий фаоллиги сабабли босим ўтказилганлиги ҳақида оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган хабарлар юзасидан Бош прокуратурада депутатнинг бевосита иштирокида ўрганиш ўтказилди.

Хабар айтилишича, Расул Кушербаев билан Бош прокуратурада ўтказилган суҳбатда баён этилган ҳар бир маълумот марказий маҳкаманинг ўзида ишга алоқадор шахсларни жалб қилган ҳолда, тегишли ҳужжатларни кўздан кечириш йўли билан тўлиқ текширилди.

“Ўрганиш натижаларига кўра, депутат Расул Кушербаевга прокуратура органлари томонидан бирор босим ёки тазйиқ ўтказилганлигини тасдиқловчи объектив далиллар аниқланмади”,  - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан Янгийўл туманидаги “Қўшёғоч Олтин Файз Балиқлари” МЧЖга ажратилган балиқчилик ҳавзасидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳолати юзасидан ўтказилган текшириш ҳужжатлари чора кўриш учун прокуратура органларига тақдим этилган.

Мазкур ҳужжатлар асосида 2020 йил 24 январда Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Янгийўл тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ўтказилган.

Тергов давомида аниқланишича, ушбу жамият раҳбари Ж.З. акаси Б.Қ. билан жиноий тил бириктириб, балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун ажратилган 11,8 гектар ер майдонидан 600 миллион сўмлик 57,2 минг куб метр қум-шағал аралашмасини қазиб олган. Улар тегишли лицензияга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда мазкур қум-шағал аралашмасини сотиб юбориб талон-торож қилган ҳамда бу орқали давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Шу сабабли Ж.З.га Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, ишнинг унга тегишли қисми 2020 йил 4 май куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судига юборилган.

Терговдан яширинганлиги сабабли, айбланувчи Б.Қ.га қидирув эълон қилинган.

“Қидирувда бўлган Б.Қ. томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатда ушбу жиноят иши тергови давомида гўёки “Қўшёғоч Олтин Файз Балиқлари” МЧЖ депутат Расул Кушербаевга тегишли эканлиги ҳақида кўрсатмалар олишга уриниш бўлганлиги ҳақида уйдирмадан иборат хабарлар тарқатилган”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жиноят иши Бош прокуратурада ўрганилганда, иш бўйича депутат Расул Кушербаевга оид бирор масала муҳокама қилинмаганлиги, унга алоқадор маълумот тўпланмаганлиги ёки у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилмаганлиги маълум бўлди.

Бош прокуратура ходимлари томонидан Ж.З. билан холис ўтказилган суҳбат давомида, у терговда ундан Расул Кушербаев ҳақида ҳеч қандай маълумот сўраб-суриштирилмаганлигини, у ҳақида савол берилмаганлигини, унга қарши кўрсатма бериш талаби билан тазйиқ ўтказилмаганлигини билдирган.

Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда тарқатилган бу хабарларни аҳоли орасида обрў қозонган жамоатчилик вакиллари номидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, тергов натижасига таъсир ўтказишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончсизлик уйғотишга қаратилган уриниш деб баҳолайди.

Таъкидланишича, Расул Кушербаевнинг Бош прокуратурада ўтказилган суҳбатда ўзига нисбатан босим сифатида баҳолаган бошқа важлари ҳам ўзининг иштирокида тўлиқ текширилиб, унга, шу жумладан, фаолияти билан боғлиқ равишда таъсир кўрсатиш ёки босим ўтказиш ҳолатлари аниқланмаган.

Бош прокуратуранинг билдиришича, мазкур важлар Расул Кушербаевнинг шахси ва ишчанлик обрўсига алоқадорлиги сабабли уларнинг тафсилотлари очиқланмайди. Депутат Бош прокуратурада ўтказилган ўрганиш натижалари билан таништирилган.

Маълум қилинишича, келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан депутатнинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай тазйиқ ёки босим ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар белгиланди. Жумладан, Б.Қ.га нисбатан жиноят иши устидан алоҳида назорат ўрнатилди.

Асосий мавзулар