04:19 22 Ноябр 2017
Эфир
Шавкат Мирзиёев, Эмомали Рахмон и Нурсултан Назарбаев на саммите в Эр-Рияде

Марказий Осиё увадаси чиққан кўрпадан воз кечиб, амалий ишга ўтиши керак - эксперт Қодиров

© Официальная страница президента Таджикистана в Facebook
Аналитика
Ҳавола олиш
Самарқанддаги Марказий Осиё минтақасига бағишланган халқаро анжуман (19)
107170

Эксперт Самарқанддаги халқаро анжуман, минтақадаги аҳвол ва 26 йил вақт мобайнида тортилавериши натижасида "увадаси чиққан кўрпа" борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди

ТОШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистонлик сиёсатшунос Муҳаммаджон Қодиров 10-11 ноябр кунлари бўлиб ўтган Марказий Осиё минтақасига бағишланган халқаро тадбир бежизга Самарқанд шаҳрида ўтказилмаганини, қолаверса, анжуман номланишидаги "ягона тарих" ибораси ишлатилишида ҳам рамзий маъно борлигини қайд этди.

"Бизда тарихан айирмачиликлар бўлмаган"

"Уч минг йилдан буён Марказий Осиё ягона тарихга эга. Тили 2-3 хил бўлиши мумкин, аммо қадимий оромий ёзуви асосида туркий ёзувлар, эроний ёзувлар, форс тили, тожик тили пайдо бўлган. Тарихимиз, маданиятимиз, урф-одатларимиз ва динимиз ҳам ягона бўлган. Шу билан бирга — 1924 йилда Большевиклар шошма-шошарлик билан қилган чегара тақсимоти ниҳоятда катта камчиликларга эга бўлган.

Чунки муайян бир гуруҳ — ҳаттоки миллионга яқин бўлган одамлар бугун бир-бирининг ҳудудида яшайди. Мана масалан, Тожикистон территориясида миллиондан ошиқ ўзбеклар яшайди, Ўзбекистонда ҳам тожиклар кам эмас. Аммо биз айирмакашлик қилганимиз йўқ. Битта халқмиз, тилимиз бошқа бўлса ҳам. Одамлар ҳозиргача бир-бири билан қуда-анда бўлиб яшаб келишаяпти.

Собиқ Иттифоқ парчаланиб кетгач, мустақилликдан кейин, 1995 йилнинг кузида Тошкентда "Туркистон умумий уйимиз" шиори остида катта анжуман бўлиб ўтган эди. Ўшанда энди бу 5та республика бирлашади, ягона давлат бўлади, деб ўйлагандим. "Нега энди умумий уйимиз бўларкан", деб бунга Тожикистон қарши тура бошлагач, бу шиор бир юмалаб, "Ўзбекистон умумий уйимиз"га айланди…

Эксперт сифатида шуни айтишим мумкинки, "Туркистон умумий уйимиз" шиори тожикистонликларни хафа қилиш мақсадида айтилмаганди. Айирмачилик ишлари тарихан бизда бўлмаган. Марказий Осиёдаги 5та республиканинг туркий тилда гаплашадиган аҳолиси кўп эди. Шунинг учун ягона тарихга эга бўлган ўлка — Туркистон деб аталган. 

Ўтган даврлар мобайнида, Москвани аралашуви натижасида бу 5та республика, иқтисодий, йўл ва коммуникация жиҳатдан бир-бири билан шунчалик киришиб кетган эдики, ягона давлат бўлмасдан ҳар биттаси алоҳида яшаб қолиши ёки тараққиётга эришиши мумкин эмасди.

Хуллас, айирмачилик ўртага тушиб, ҳамма кўрпасини ўзи томонига торта бошлади, лекин мана вақт кўрсатдики, мустақил бўлганимизга 26 йил бўлган бўлса-да, ҳамма ўзига тортаверган ҳалиги кўрпани увадаси чиқиб қолди…

Кўрпани ўзига тортиш — тараққиётга олиб келмади

Сиёсатшунос Қодировга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида алоқаларнинг узилиб қолганлиги минтақа тараққиётини анча ортда қолдирган. Эксперт Мустақиллик йилларида Марказий Осиё мамлакатлари ривожланиш даражаси ва улардаги камчиликлар хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Қозоғистонни олиб қарайдиган бўлсак, у ерда тараққиёт Ўзбекистонга нисбатан сал яхши, чунки ер ислоҳотлари амалга оширилган, мулкчилик кучли. Ўзбекистонда ҳам ҳозир аҳвол илгаригидан кўра яхшиланди. Тадбиркорликка ёрдам бериш бошланди, кичик объектлар пайдо бўлди, катта корхоналар бўлмаса ҳам, хусусий мулк секинлик билан бўлса-да кириб келяпти.

Туркманистонда ҳам ривожланиш бор, лекин ресурсига нисбатан тараққиёти қониқарли эмас.

Тожикистон аҳолиси мана кутиб-кутиб, умумий уйимиз бўлмагани учун, "умумий уйимиз Россия экан", деб ҳаммаси Россияга жўнаб кетди.

Тўғри, Ўзбекистондан ҳам одамлар кетди, лекин Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 8-9% Россияга кетган бўлса, Тожикистонда ушбу кўрсатгич 25-30%ни ташкил қилмоқда…

Чегаралар очиқ бўлиши керак

Эксперт суҳбат давомида Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорликни йўлга қўйиб, саноатни юрғизишлари кераклигини таъкидлаб ўтди.

"Бунинг учун аввало чегара очиқ бўлиши, ҳеч қанақа тўсиқ бўлмаслиги керак. Халқлар бир-бири билан муроса қилиб, озод юрса, ундан кейин коммуникация ва товарлардан фойдаланилади-да. Дейлик, товарлар Ўзбекистондан ўтиб келса-да, Қозоғистонда тўсиқлар бўлса, ёки тескариси, Тожикистондан чиқса-да, Ўзбекистон буни уч кун текширса — бунақада бўлмайди", — қўшимча қилди суҳбатдош.

"Шу боис халқаро жамоатчиликнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан келишиб, "Биз сизнинг қўллаб-қувватлашингиз остида, сизнинг шафелигингизда қадимги умумий пойтахтимиз бўлган Самарқанд шаҳрида конференция қилайлик, бу жуда долзарб, халқаро ташкилотларнинг ҳаммасини жалб қиламиз, шу бешта республика ўзаро алоқаларимиз кўнгилдагидекмас, биз нега бу аҳволдан чиқмасдан, депсиниб тураверарканмиз, ишни юрғизайлик", деган ташаббус билан чиқдилар.

Антониу Гутерришнинг ўзи нутқ ёзиб юборибди, қўйиб беришди, Европа Иттифоқидан Федерика Могерини келиб ўтирди, "Шундай ажойиб Самарқанд деган шаҳар бор экан, маданий марказ экан, мен биринчи бор келдим", деб ажойиб нутқ сўзлади. Могерини ЕИ вакили сифатида 28 та давлат номидан сўзлади.

Европа Иттифоқи давлатларидан ташқари, Хитой ҳам бу алоқалар яхшиланишидан тўғридан-тўғри манфаатдор. Чунки ишлаб чиқариш бўйича дунёни 2-ўрнида турган товарларини Марказий Осиё орқали Европага ва бошқа мамлакатларга сотиши мумкин.

Ўзбекистон — ўртадаги мамлакат — бағрини очиб, алоқаларни, барқарор тараққиётни таъминлайлик, ҳамкорлик қилайлик деб турса, бошқалар бунга "тормоз" қилмаслиги керак, деб ўйлайман.

Қолаверса, халқ бу ишни ниҳоятда кутяпти. Алоқалар яхшиланишини. Қачон алоқалар яхши бўларкин ва буни натижаларини биз ўзимизда, ўзимизни кундалик ҳаётимизда сезарканмиз, деб турибди.

Шахсан мен, эксперт сифатида, Марказий Осиё мамлакатлари аллақандай меморандумдан кўра, аниқ бир шартномаларга ўтишини кутяпман. Аниқ бир соҳа, дейлик қишлоқ хўжалиги соҳасида маълум бир лойиҳаларни амалга оширса.

Яхши ният яхши, албатта, лекин шунча йил ўтди, расмий гаплардан амалий ишларга ўтиш вақти келди.

Самарқанддаги конференция амалий ишларга чақирув эди.

Амалий иш қилиш учун эса ҳукуматлар бир-бири билан шартномалар тузиши керак, биз мана шу қадамни кутиб яшаяпмиз", — деди суҳбат якунида эксперт.

10-11 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида ўтказилган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусидаги халқаро конференция ўтган ҳафтанинг энг ёрқин тарихий воқеасига айланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яна бир маротаба ўзининг фаол ташаббускор эканлигини намойиш қилди.

Мирзиёев ташаббуси билан чақиртирилган анжуманда БМТ, ОБСЕ, Европа Иттифоқи, МДҲ, Марказий Осиё мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари ва бошқа кўплаб олий даражадаги иштирокчилар Самарқанд шаҳрида тўпландилар.

Президент халқаро тадбирда жаҳон сиёсатчилари, экспертлар эътиборини Марказий Осиёдаги аҳволга қаратиб, уни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақага айлантириш, улкан ҳудудда тинчлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича ўта долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаган Мирзиёев Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига урғу бераётганини таъкидлаган эди.

"Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё — биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", деган эди Ўзбекистон раҳбари.

Марказий Осиё минтақасига бағишланган Самарқанддаги конференция шу борадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, умумий ёндашувлар ишлаб чиқиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди.

Мавзу:
Самарқанддаги Марказий Осиё минтақасига бағишланган халқаро анжуман (19)

Асосий мавзулар