04:41 22 Октябр 2019
Эфир
  • RUB147.25
  • EUR10438.58
  • USD9455.24
Проблема утилизации бытовых отходов во Львове

Пластик пакетлар муаммоси: Марказий Осиё давлатларида бу масалага муносабат қандай?

© Sputnik / Стрингер
Аналитика
Ҳавола олиш
86711

Ҳисоботларга кўра, пластик пакетлар нафақат глобал экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда, балки энергетика ресурслари бехуда сарфланишига ҳам сабаб бўлмоқда. Мисол учун, Хитойда полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарилиши ва фойдаланиши таъқилангач 1,6 миллион тонна нефть тежаб қолинган

Бутун дунё пластик пакетларга қарши кураш кампаниясини ишга туширди. Собиқ СССР мамлакатларида ҳам пластик муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мисол учун, 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз тан нархидан паст нархларда сотиш, қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш, полимер плёнкали пакетларни олиб кириш таъқиқланди.

Ўзбекистон Давлат экология қўмитасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга хориж тажрибаси ва жамоатчилик муҳокамасини ҳисобга олиб, 2020 йилнинг 1 январига қадар фойдаланиш хусусиятини йўқотганидан сўнг атроф-муҳитга зарар етказадиган, ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган товарлар гуруҳига экологик йиғимни жорий қилиш юзасидан асосланган таклифлар киритиш вазифаси топширилган.

Sputnik Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларида пластикка қарши кураш қай тарзда олиб борилаётганини қизиқиб кўрди.

Қозоғистон: чиқиндиларни саралаб тўплаш амалиётини йўлга қўймоқчи

Расмий Остона ҳам Ўзбекистон сингари аввалига полиэтилен маҳсулотларни бепул тарқатиш амалиётидан воз кечиб, сўнгра уни ишлаб чиқаришни буткул йўққа чиқаришни режалаштирган. Аммо экологлар бундай ташаббусни маънисиз деб топмоқда.

"Полиэтиленнинг қулайликлари кўп, шу боис, одамлар ундан воз кечмайдилар. Полиэтиленни тўплаш керак, холос. Шу боис, Қозоғистон ҳукумати эндиликда чиқиндиларни алоҳида тўплашни жорий этмоқда", - дейилади Sputnik Қозоғистон хабарида.

Остонада пластик, ойна ва қоғоз чиқиндилар учун сариқ ранг бакларни ўрнатиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган.

Қирғизистон: пластик идишлардан воз кечмоқчи

Қирғизистон ҳукумати республикада полиэтилен пакетлар ва пластик идишлардан фойдаланишни таъқиқлаш таклифини илгари сурмоқда.

Бу ҳақда "Иссиқ Кўлдаги биосфера ҳудудга полиэтилен пакетлар ва пластик идишларни олиб кириш, уларни ишлаб-чиқариш ва фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги" Вазхирлар маҳкамаси хулосасида назарда тутилган. Ҳужжат ташаббускори - Жокорғу Кенеш депутати Экмат Байбакпаев. Депутат бу қонун қабул қилингач, қонунбузарлик ҳолати рўй берган тақдирда жиноий, маъмурий, ахлоқ тузатиш ҳамда моддий жавобгарлик чораларини киритишни таклиф этган.

Тожикистон: рўзғорда полиэтилендан воз кечиш таклиф этилмоқда

Тожикистон ОАВлари хабарига кўра, мамлакат табиатни муҳофаза қилиш органлари вакиллари рўзғорда полиэтилен пакетлардан фойдаланишдан воз кечишни таклиф қилишмоқда.

Айни вақтда Тожикистон табиати пластик чиқиндилар билан ифлосланиб кетиши муаммосига дуч келган ва республика Ҳукумати қошидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қўмита бир марта ишлатиладиган пластик пакетлардан фойдаланишдан воз кечиш бўйича чораларни босқичма-босқич қабул қилишни таклиф этмоқда. Масалан, пластик пакетлар ўрнига қоғоз ва текстил халталарга ўтиш таклиф қилинган.

Шунингдек, Республикада пластик чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича цехлар ишга туширилган.

Спутник Тожикистон Хўжанд вилояти санитария-эпидемиология назорати маркази сал олдин жамоат тамаддихоналарида пластик идишлардан ишлатишни таъқиқлаганини маълум қилганди.

Аниқлик киритилишича, пластик идишлар 52 турдаги касалликлар, шу жумладан, ошқозон, ичак, жигар касалликлари ўчоғидир. Баъзи ҳолларда ракни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

"Пластик идиш кимёвий материаллардан ишлаб чиқилган бўлиб, унга иссиқ таом солинганда, кимёвий реакция юзага келади, натижада инсон саломатлигига зиён етказувчи зарарли моддалар ажралиб чиқади", - дейилади хабарда.

Туркманистонда ҳозирча пластик пакетларга нисбатан таъқиқ чоралари кўрилмаган.

Айтганча...

Пластик пакетларга биринчи таъқиқ 2002 йилда Бангладеш томонилан жорий қилинган. Бу давлатда шаҳар зовур тизимини пластик пакетлар ёпиб қўйгани туфайли сув тошқини юзага келган ва минглаб одамлар ҳалок бўлишган.

Еропарламент Европа Иттифоқи давлатларида бир марта ишлатиладиган пластик товарлар- пакетлар, найчалар ва бошқа маҳсулотлардан фойдаланишни тўлиқ таъқиқни маъқуллаган.

Албатта, пластик пакетлар ихтироси озиқ-овқат маҳсулотлари дўконлари харидорлари ҳаётига бирмунча енгиллик олиб келган бўлса-да, аммо вақт ўтгач бу пакетлар атроф-муҳитга қанчалик зарар етказиши аниқланди. Синтетик полимерларнинг энг "кўҳна"лари, масалан ёши 60дан ошганлари ҳам табиий шароитларда йўқ бўлгани йўқ. Пессимистик прогнозларга кўра, уларнинг табиий ҳолатда чириши 400 йилни ташкил қилади.

Океанни ифлослантирадиган пластиклар эса полиэтилен бўлакларини озуқа сифатида қабул қилувчи денгиз ҳайвонлари ўлимига сабаб бўлади. Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси хабарига кўра, ҳар йили 100 минг тюлень, кит ва денгиз тошбақаларини худди шундай қисмат кутади.

Асосий мавзулар