08:58 26 Апрел 2018
Эфир
Певица Лола Юлдашева

"Сўзнинг моҳиятини англамайдилар": Маданият вазири хонандаларни танқид қилди

© LOLA Yuldasheva fan club / Facebook
Маданият
Ҳавола олиш
298741

Санъаткорлар билан ўтказилган навбатдаги йиғилишда сўз маданияти, хорижга чиқиб "тор доирада" қўшиқ айтиб, "концерт қўйиб" келаётган хонандалар ва шу кечаю-кундузда ишланаётган тутуриқсиз клиплар борасида фикрлар билдирилди

ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. "Ўзбекконцерт" давлат муассасасида таниқли эстрада хонандалари ва ёш ижрочиларнинг навбатдаги ижодий давра суҳбати ўтказилди, деб хабар қилди муассаса матбуот-хизмати.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев эстрада санъати олдида турган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари ва соҳага оид муҳим масалалар хусусида сўз юритди.

"Очиғини айтиш керак, бугун ижод аҳли учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар кенг яратиляпти. Бундай шароитлардан оқилона фойдаланиш, халқимизга манзур ва мақбул бўладиган янгидан янги куй қўшиқлар яратиш ҳар бир хонанда. ва ижрочининг бурчи ва вазифаси. Такрор ва такрор айтаман, айрим ёш хонандаларимиз сўзнинг моҳиятини яхши англамайдилар. Устоз санъаткор Ўзбекистон халқ артисти Фахриддин Умаров сўзнинг мазмун моҳиятини ниҳоятда теран тушунар, керак бўлса, унча бунча адабиётшунос олимни ҳам ҳайратга солардилар. Ёш ижрочилар, хонандалар устоз санъаткорлардан ибрат олсалар нур устига нур бўларди.

Ҳар бир хонанда куйлаётган қўшиғининг сўзига, мазмунига эҳтиёткорлик билан ёндошиш зарур. Халқимизда ижод изланиш демак,деган гап бор. Вақт шитоб билан ўтиб боряпти. Бундан ҳар бир хонанда унумли фойдаланиб қолиши керак. Меҳнат қилаётган ижодкор борки, давлатимиз назаридан четда қолмаяпти, қадр топаяпти".

Сайфуллаев санъаткорларнинг хорижга чиқиш масаласи хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

"Албатта, хорижга чиқиб ўз истеъдодини намоён қилиш санъаткорнинг бахти. Аммо, масаланинг муҳим жиҳати шундаки, ҳар бир хонанда бирор бир давлатга чиқишидан аввал, у ердаги шароитни яхшилаб ўрганиши керак. Аксарият ҳолларда таниқли, кўзга кўринган санъаткорлар хорижга таклиф қилиниб, у ерга боргач, кўрсаларки, тор доирада, кичкинагина давраларда концерт ўтказишларига тўғри келади. Бундай ҳолатлар, биринчидан, миллатимиз, миллий маданиятимиз ва санъатимиз, хонандаларимиз шаънига, ғурурига асло тўғри келмаслигини унутмаслик керак. Шу боис ҳар бир хонанда, санъаткор қайси давлатга бормасин, мана шу жиҳатларини эътибордан четда қолдирмагани маъқул. Қайси бир халқнинг санъаткори ўзбек тилида куйлай олади.

Бизнинг хонандаларимиз эса ҳамма тилда бемалол куйлай олишади. Шунинг учун изланишдан, меҳнатдан, ижод қилишдан тўхтамаслигимиз керак", — деди вазир.

Давра суҳбатида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров сўзга чиқиб, "Ўзбеконцерт" давлат муассасаси ҳузурида 2018 йилдан бошлаб клиплар фаолиятини ташкил этиш бўйича бадиий кенгашнинг тузилиши ва бу кенгашнинг мақсад, вазифалари хусусида тўхталиб ўтди.

"Ҳар бир хонанда, деди у ўз сўзида, қўшиққа клип ишлашдан аввал тузилган бадиий кенгаш аъзолари чиғириғидан ўтказилади. Клип мазмун моҳияти маъқул келсагина уни ишлашга рухсат берилади. Яна қўшимча тарзида шуни таъкидламоқчиманки, хонандаларнинг хорижга чиқиш масаласи, клиплар хусусидаги қўйилаётган бу вазифаларнинг барчаси санъатимиз нуфузини кўтариш, хонандаларимизнинг шаънига доғ туширмаслик мақсадида қилинаётган хайрли ишлардир"

Йиғилишда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов сўзга чиқиб, "қўшиқларимиз, клипларимизни ойнаи жаҳонда эфирга узатиш учун маълум бир фоиз чегирмалар қилинса мақсадга мувофиқ бўларди, деган таклифни ўртага ташлади". Билдирилган бу таклиф маъқулланиб, келаси йилдан Ўзбекистон телерадиокомпанияси ва нодавлат телеканаллар раҳбарларига таклиф сифатида киритилиши лозим деб топилди, дейилади хабарда.

Асосий мавзулар