12:15 11 Август 2020
Эфир
  • RUB138.65
  • EUR12059.09
  • USD10231.71
Жамият
Ҳавола олиш
102130

Ўзбекистонда сўнгги вақтларда дабдабага айланиб кетган тўйларни камхарж қилиб ўтказиш масаласи тез-тез ўртага ташланиб, қизғин муҳокама қилиниб келинмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг июль ойида Олмазор тумани фаоллари билан йиғилишда дабдабали тўйлар масаласига тўхталган ва бундай маросимларни ҳеч ким ўз маоши эвазига қилмаслигини, бу эса, оғир аҳволда кун кечираётган аҳоли ғазабини келтириши мумкинлигини айтган эди.

Давлат раҳбарининг ушбу сўзларидан кейин мамлакатдаги мутасадди идоралар ҳаракатга тушиб кетдилар. Хусусан, республикада кенг кўламда тўй кортежларини жаримага тортиш ишлари бошлаб юборилди.

Ва ниҳоят, 2019 йилнинг октябрига келиб, Олий Мажлис томонидан тўй ва бошқа маросимлар қонун кучига тенглаштирилган низом билан тартибга солиниши эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, эндиликда Ўзбекистонда маърака ва маросимларга 200, ош маросимига 250 нафардан ортиқ кишини таклиф қилиш ҳамда ёш келин-куёвни ФҲДЁга олиб борадиган кортеж учта енгил машинадан иборат бўлиши белгиланди ҳамда жамоатчилик хавфсизлиги учун хавф туғдирадиган бошқа транспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян таъқиқланди.

Ундан ташқари, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилиши белгиланиб,  бир кундан ортиқ нишонлаш (дафн этиш маросими бундан мустасно) қатъий ман этилди.

Тўй ва маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги низом эълон қилинди >>>

Шунингдек, низом билан миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоу, қўшимча расм-русумлар ("келин навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш", "пул сочиш" ва ҳоказолар) бекор қилинди.

Sputnik Ўзбекистон мухбири Ўзбекистондаги мутасадди раҳбарларнинг дабдабали тўйлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Сенатор Олий Мажлиаса Бахтиёр Сайфуллаев
Пресс-служба Министерства культуры Узбекистана
Сенатор Олий Мажлиаса Бахтиёр Сайфуллаев

- Очиғи, тўйларнинг камхаражат, тартибли ўтказилиши масаласи бундан юз йиллар олдин ҳам долзарб бўлган ва бу борада куюниб гапирилган. Агар яқин ўтмишга мурожаат қиладиган бўлсак, жадидчи бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий "Оила" журналининг 1915 йилдаги нашрида шундай деганлар: "Тўй ва таъзияға сарф қиладурғон оқчаларимизни биз илм ва дин йўлиға сарф этсак, Оврўполардек тараққий этармиз ва ўзимизда, динимизда обрўй ва ривож топармиз. Йўқ, ҳозирғи ҳолимизда давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайди". Айниқса, ҳозирги вақтда тўйларимиз на Европа ва на Осиё тўйларига ўхшайди, қанақадир бачканавозликдан нарига ўтмай қолди ва шунинг учун ҳам қўшма қарор қабул қилинди, - деди Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев.

Сенатор фикрича, бир аср олдин ўзбек миллатини тараққиётдан тўйдаги ортиқча дабдаба, афсуски, ҳозирга келиб, яна авж олган. Айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлар ва уларни ўтказишга сарфланган катта ҳаражатлар оқибатида, қарзга ботиб қолмоқда. Ёки бўлмаса, четга чиқиб, меҳнат қилиб, катта қийинчилик билан топган пулини, ватанига қайтгач битта тўйга бир зумда сарфлаб юбормоқда. Яъни пул топиш йўлини ўрганган шахс, маънавий жиҳатдан қашшоқлигича қолмоқда ва обрў-эътибор танқислиги ўрнини "кимўзар"га айланган, дабдабали тўй ва бошқа маросимлар билан қоплашга уринмоқда.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова эса бугунги кунда фуқароларда "орзу-ҳавас" тушунчаси шунчаки баҳонага айланиб қолганига урғу берди.

"Айниқса, аёлларимиз орасида мана шу "орзу-ҳавас"га интилиш, у ёки бу жараённи кўз-кўз қилиш ва ўз оиласининг ижтимоий мақомини шу орқали кўтариш ҳолатлари афсуски, кўплаб учрамоқда. Тўйлар борасида фуқароларимиз фикрларини ўрганганимизда, баъзи оилаларда тўйдаги "олди-берди"лар масаласи мажбуриятдек бўлиб қолганлиги ва бу мажбурият бажарилмаса, қайсидир тараф ўзини камситилиб қолгандек ҳис қилишини эшитдик", - дейди Тошмуҳаммедова.

Шунингдек, ўрганишлар жараёнида аксарият янги ҳаёт остонасида турган ёшларда эртанги кун тўғрисида аниқ фикр шаклланмаганлиги аниқланган.

"Баъзи ёшларимиз ўз олдига оддий мақсадни қўйишни билмасликлари гувоҳи бўлдик. Улар учун гўё тўй - бир мажбурият, яъни "Отам тўйимни кўрсин, онам тўйимни кўрсин" қабилидаги. Ёшларимиз оилани тартиботи қандай, оила қандай қурилади, оила иқтисодиёти нимадан иборат, деган тушунчаларни тўлиқ англаб етмаган ҳолда, тўйга ҳаракат қилишмоқда", - деди Тошмуҳаммедова.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов нега тўйлар масаласи Сенат даражасига кўтарилганига изоҳ бериб, ижтимоий тармоқларда бўлаётган қизғин баҳс-мунозараларга ўз муносабатини билдирди.

"Нега бу масала Сенат даражасига кўтарилди? Чунки президент виртуал қабулхонаси бўладими, давлат идоралари, жамоат ташкилотлари билан боғлиқ учрашувлар бўладими - бу масала энг оғриқли масала сифатида кўп кўтарилди. Ҳаммамиз эътибор беряпмизки, 5-6% одам қўштирноқ ичидаги намунали тўйларни бошлайди-да, кейин жамиятда қолган одамлар учун унга етиш оғриқли масалага айланади. <...> Мана шу қарор чиққандан кейин, интернет ва ОАВларни кўп кузатдик. Ҳар ким ҳар-хил талқин қилмоқда. Кимдир, бунданам қаттиқроқ чоралар қабул қилиш керак, деса, яна кимдир тўй-маросимлари - ҳар кимнинг ўзини шахсий иши, унга аралашиш инсонни ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш билан баробар, дея фикр билдирмоқда. Бир қарашда шахсий кўринган масала - нега ижтимоий масала сифатида талқин қилинаяпти? Чунки бу жамиятнинг маънавий муҳитиг, жамиятдаги мезонлар, мувозанат ўзгаришига қайсидир маънода таъсир қилаяпти", - деди сенатор. 

Ҳожиматов, шунингдек, динда исрофгарчилик ҳақида нима дейилганини эслатиб ўтди.

"Муқаддас динимиз кўрсатмаларида айтиляптики: "Кибру-ҳавога берилиб, одамлар мени мақтасин, деган мақсадда ёзилган дастурхон - исрофдур", "Ортиқча еган луқмангиз ҳам исрофдур". Ёки инсонни ортиқча ғурур ва исроф энг катта хатоларга бошлаши ҳам ёзилган. Афсуски, кўпинча фикру-ёдимиз йиғиниш билан ўтиб кетиб қолаётгандек туюладида айрим ҳолатларда. Аллоҳ берган ризқини фақат қорнига ва эгнига ишлатадиганлардан бўлманг!", - деди ўз гапи якунида сенатор.

Асосий мавзулар